Ҳувайдо

Ҳувайдо

 fsefsfasdfasdf.jpg

 

     Асл номи Хўжаназар Ғойибназар ўғли бўлган Ҳувайдо  тасаввуф шеъриятининг йирик вакилидир. У Қўқон мадрасаларида ўқиган, қишлоғида мактаб очиб, узоқ вақт мактабдорлик қилган, косиблик билан ҳам шуғулланган.

     Ҳувайдо мумтоз шеъриятнинг деярли барча жанрларида ижод қилган. Шеърлари халқ орасида жуда машҳур бўлган. Ҳувайдо ахлоқий-дидактик йўналишдаги мазмунан теран, услубий гўзал асарлари билан адабий мактаб ярата олган шоирдир.

     Ҳувайдо ижоди ва дунёқарашининг шаклланишида Яссавий, Навоий, Сўфи Оллоёр, Машрабларнинг тасаввуфий, фалсафий фикрлари ва асарларининг таъсири катта бўлган. Ҳувайдо мажозий ва ҳақиқий ишқ ҳақидаги орифона, дунёвий шеърларидан ташқари золимлик ва мазлумлик, камолот ва ахлоқий тубанлик ҳақидаги шеърларида ҳам мазкур шоирлар анъаналарини давом эттирган ва янги фикрлар билан бойитган.

     Ҳувайдо шеърлари вафотидан сўнг набиралари томонидан девон ҳолига келтирилган. Унга шоирнинг 351 ғазал, 28  рубоий, 41 тўртлик, 3 мухаммас, 1 мусаддас, 1 мусамман, 1 мустазод, 3 маснавий ҳамда ахлоқий-дидактик мазмундаги «Роҳати дил» манзумаси кирган. Девондаги илк шеърларида рўза, намоз, закот, ҳаж, жаннат ва дўзах билан боғлиқ мавзулар ёритилган, ғурур, манманликни танқид қилувчи, тавозеъ, қардошлик ва тўғрисўзликни улуғловчи ҳикматларга кенг ўрин берилган.

     Ҳувайдонинг шеърларида тасаввуфий унсурлар — нафсни жиловлаш ва дунёдан ўзни узоқ тутиш бош ғоялардан бири. Дунё лаззатининг инсонни бахтли эта олмаслигига ишонган шоир Аллоҳга, абадий бахтга эришмоқ учун инсон ўзлигидан кечмоғи кераклигини англайди.

     Ҳувайдо диний-ахлоқий мазмундаги «Иброҳим Адҳам» номли шеърий достон ҳам ёзган. Ҳувайдо вафотига бағишлаб унинг шогирдлари, мухлислари томонидан марсиялар, таърихлар ёзилган. У ҳақда ибратомуз ривоятлар, ёдномалар пайдо бўлган.

     Ҳувайдонинг набираси Сирожий, чеваралари Самарбону, Салоҳиддин Соқиб, Ғарибий девон тузган шоирлар бўлиб, Ҳувайдо анъаналарини давом эттирганлар.

     Ҳувайдо номида кўча, маҳалла ва мактаблар бор.