ЮСУФ ҲАМАДОНИЙ «РУТБАТУ-Л-ҲАЁТ»ДАН

ЮСУФ ҲАМАДОНИЙ
«РУТБАТУ-Л-ҲАЁТ»ДАН

Сайфиддин Рафъиддин ва Нодирхон Ҳасан таржимаси

bezymannyj119.jpg

Юсуф Ҳамадоний (1048-1141) Хуросондаги Ҳамадон шаҳрининг Бузанжирд (ёки Бузинажирд) қишлоғида таваллуд топди. Бомиён шаҳрида вафот этган, унинг васиятига кўра жасади муридлари томонидан Марв шаҳрига келтирилиб, у ерга кўмилган (Фотосуратда Маридаги Ҳамадоний мажмуаси).

Юсуф Ҳамадоний қадим Туркистон маънавиятида ўзига хос дунёқараш, тасаввуф тизимини барпо этган, ривожлантирган олим ва ориф бир зотдир. Шунингдек, Шайх Ҳамадоний Туркистон пири Хожа Аҳмад Яссавий ва Хожаи жаҳон Абдулхолиқ Ғиждувонийни тарбиялаб камолга етказган пири комилдир. Бу зот ҳақида Абдулхолиҳ Ғиждувонийнинг «Мақомоти Хожа Юсуф Ҳамадоний», Фаридиддин Атторнинг «Тазкирату-л-авлиё», Абдираҳмон Жомийнинг «Нафаҳоту-л-унс», Алишер Навоийнинг «Насойиму-л-муҳаббат» тазкираларида маълумот берилган. Замонасининг етук шайхлари Абдулқодир Гилоний (Ғавсу-л-аъзам), Шайх Ҳамидуддин Мултоний, Имом Ғаззолий билан мулоқотда бўлган. Одамлар орасида юриб, уларни иршод қилиш, муридлар таълим-тарбияси билан шуғулланиш йўлини танлаган.

Шайх Ҳамадонийнинг қуйидаги асарлари маълум: «Рутбату-л-ҳаёт» («Ҳаёт мартабаси»), «Кашф», «Рисола дар одоби тариқат» («Тариқат одоби ҳақида рисола»), «Рисола фи анна-л-кавна мусаххарун лил инсон» («Яратганнинг ҳукмидаги борлиқ ва Инсон менлиги ҳақида рисола») , «Рисола дар ахлоқ ва муножот» («Ахлоқ ва илтижо ҳақида рисола»).

«Рутбату-л-ҳаёт» рисоласи савол-жавоб тарзида ёзилган. Шайхга ўн тўрт савол берилган ва уларнинг жавоблари асосида рисола тартиб қилинган. Асарда «ҳалол ва ҳаром, моддийлик ва руҳоният, дунё ва охират, тубанлик ва юксаклик» кабилар ва уларнинг оқибатлари ҳақида фикр юритилган.

 

Фақат Ундан ёрдам сўраймиз. Ҳамд Оллоҳ таолога хосдир. Азалий ҳамдининг буюклиги билан Ҳомид (1), илк улуғворлик ҳамди билан Мажид (2), доимий тавҳидининг карами билан Шоҳид, абадий бирлигининг мушоҳадаси билан Воҳид (3), зоҳирий қаҳрининг азамати билан Жаббор (4), ботиний азаматининг қаҳри билан Қаҳҳор (5), юксак ҳокимиятининг улуғлиги билан Малик (6), қайюмий иззатининг мулки билан Мутакаббир (7), олий марҳаматининг гўзаллиги билан Восеъ (8) ва шафқатли раҳматининг кенглиги билан Муҳсин (9) бўлган У (Оллоҳ таоло)дир. Махлуқотининг энг олий, закий ва хайрлиси бўлган Расулига, унинг асҳоби, ақрабо ва умматига салоту саломлар бўлсин.

Оллоҳ таоло сени ўзи севган ва рози бўлган ишларда муваффақ қилсин, «тирик (жонли) ким ва тириклик (ҳаёт) нима?» деб сўрадинг.

Жавоб: Тавфиқ Оллоҳдан. Билгилки, басират ва яқин аҳли (10)  қошида, тирик — бу тинч-осуда кишидир. «Тириклик» эса тинчлик, хотиржамликдир. Етти қават осмон ва ернинг махлуқоти, тинчлик ва хотиржамликнинг моҳияти ҳақида ҳамфикрдирларки, ҳар бир киши бир нарса билан осуда, тинч ва сокиндир. Аммо тасалли ва хотиржамлик жойлари турличадир… Ҳамманинг ўз мавқе-мақоми ва аҳволига кўра бир тасалли макони мавжуд. Инсон унинг мавжудлиги билан ҳузур-ҳаловат, роҳат ва таскин топади. Уни йўқотганида эса саросима ва изтиробга тушади. У билан роҳатланиб, тасалли топгач, кўнгиллар хотиржам бўлади. Ҳақ йўлининг йўлчилари бўлган пайғамбарлар айтадиларки: «Фалон киши фалон нарса билан тирикдир». Бу тирик ва тирикликни танишда умумий қоидадир.

Аммо тирик билан тирикликни сўфий тоифасининг таърифига кўра батафсил билмоқчи бўлсанг, билгилки, дунё безаклари билан тасалли топиб овунган кишининг саодати — бу алданиш саройи бўлмиш дунёнинг арзимас молини жамлаш, манъ қилиш, олиш ва беришдир. Бу киши дунё билан умр кечирмоқда. Демак, дунё билан тирикдир. Бу ҳолат Одам боласининг ҳаёт мартабаси ва манзилидаги энг қадрсиз ва тубан даражадир. Чунки дунё матоси билан хотиржам бўлиб овунган киши ҳайвонлар, ҳашаротлар, ёввойи ва уй ҳайвонлари, қуш ва балиқлар билан баробар ва улар билан шерикдир. Чунки улар бу алдов дунёнинг лаззатлари билан тирик ва ҳаётдирлар…

Дунёнинг ортиқча ишларидан йироқлашиш ва сақланишда инсон мавжуд вазият ва эҳтиёжига кўра машаққат тортиши керак… Ҳаловат ва ором топишнинг ҳосил бўлишида икки йўл мавжуд:

Биринчиси, Оллоҳнинг фазлу карами туфайли бандага заҳмату машаққатсиз келадиган ҳаловат бўлиб, у бандани дунё ҳаётининг қаъридан дин дунёсининг кўкларига чиқаради. Аммо бу ноёб ҳодиса бўлиб, «ноёбнинг ҳукми йўқдир» демишлар…

Иккинчиси, риёзату қийинчиликлар чекиш орқали эришиладиган ҳузур-ҳаловат бўлиб, у олдинги ва ҳозирги соликларнинг мужоҳада (11) йўлидир. Ҳақ таоло фармон қилурки: «Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Оллоҳ чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир» (12) (Қуръон, 29:69). Ва яна дедилар: «Ким мужоҳада орқали ўзининг зоҳирини (феълу атворини) безаса, Оллоҳ таоло мушоҳада (қалб кўзи билан Ҳақни сайр этиш) орқали унинг ботинини гўзаллаштиради». Яна дейилдики: «Зоҳирий ҳаракатлар  ботиний баракотларга сабаб бўлади». «Кимгаки, нафси дўст ва карамли бўлса, у кишининг диний ишлари осонлашади» (13). «Дунё оромгоҳи ва ундаги ортиқча нарсаларни хароб қилишга сарфланган ҳаракат миқдорида Ҳақ зикри тасаллигоҳининг иморати маъмур бўлиб бораверади». «Ким сенга дунёни озайтирса, дардингни озайтирган бўлади. Кимки, дунёни кўпайтирса, дардингни кўпайтирган бўлади… Ҳақ йўлида юрган соликларнинг бу мавзудаги сўзу иборалари фарқлидир:

Сўфий шундай дейди: «Кимки дунё кудуратидан (ғашлигидан) пок бўлса, Мавло (14) зикрининг софлиги билан ҳаловат топади.

Дарвиш дейди: Алданиш дунёсида фақрлашди, сурур ва саодат оламида бой бўлди.

Муваҳҳид (15) дейди: ширк ва шерикликдан қутулди, танҳо ва ёлғиз бўлди.

Муқарраб (16) дейди: ўлимнинг дастидан халос бўлди ва абадий ҳаётга боғланди.

Солик дейди: хароб уйдан чиқди ва обод манзилга жойлашди.

Ориф дейди: шайтон ва девларнинг уясидан қутулиб, илоҳий ризо боғчаси бирла ҳузур топди.

Аҳли кашф (17) дейди: нафс зиндонидан кўнгил тахтига чиқди.

Барча бу сўзлар тўғри ва ҳақдир. Қачонки, инсон бу дунёнинг оромгоҳини охиратнинг оромгоҳига алмаштирса, бу барча таърифланган сифатлар унинг либоси бўлади. Ҳам дарвиш бўлур, ҳам сўфий, ҳам муваҳҳид, ҳам аҳли кашф, ҳам ориф, ҳам солик, ҳам маънавий мақом соҳиби ҳамда йўлнинг ҳақиқатига эришган инсонга айланади.

Агар бири шундай савол билан мурожаат қилса: бу масалада мазҳаб олимлари турли фикрлар билдиришган, баъзиси иймон ва ислом бир нарсадир дейишган бўлса, баъзилари иймон бошқа, ислом бошқа дейишган. Қайси фикр тўғрилигини изоҳлаб беринг. Ушбу икки хил фикрдан қайси бирини қалбингиз тасдиқлайди? Агар иймон ва ислом бир нарса бўлса, уларни иккига ажратиш дируст эмас. Агар иймон бошқаю, ислом бошқа бўлса, бу фарқлиликнинг далили нима?

Жавоб: Оллоҳ муваффақ айласин.

Эй басират ва яқин денгизида инжу изловчи киши! Билгилки, бу масалада мурид кўнгилни тақлид зангидан поклаб, изланиш уйининг эшигини шубҳа тиканларидан тозалаши даркор. Бундан ташқари мурид Ҳақ таолонинг улуғвор йўлидан насибасини олган валийлар билан яқинлик ва дўстлик ҳосил қилиши керак. Ҳиммат эгалари боғлаган камар билан улар ҳам белларини боғлашлари шарт. Токи «Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз» (Қуръон, 16:97) (18) сўзларининг оҳанглари ва бу оҳангларнинг сўзлари унинг қулоғига етгач, ҳарф, сўз ва оҳанглар бўғзидан жой олишидан олдин ҳарф маъноси унинг қалбида ўрнашган бўлади.

Агар мурид бу даражага эриша олмаган бўлса, унинг тасарруфи ақлу заковат тасарруфига айланади. Бунинг учун эса у англаб идрок этган ҳар бир нарсага зикр, дуо, шукр ва ҳамд билан муносабат билдириши, мавзуларни идрок этолмагач, гўллигини сўзловчининг сўз ва илмига эмас, балки ўз фаҳмининг ноқислигидан деб билиши (лозим)…

Қалбий тафаккур ва ботиний мушоҳада банданинг ғайрати билан ҳосил бўладими? Ёки Ҳақ таолонинг инъоми ва туҳфасими?

«Фикр (тафаккур)нинг йўллари ва чегаралари қанча, қандай ва қаерда? Қандай бир зикр тафаккурдан устун ва қайси тафаккур зикрдан афзалдир? Пайғамбарлар ва авлиёлар зикр билан сифатланганлар. Гарчи уларнинг кўнгиллари ботинни кўриш ва ғайбни мушоҳада қилиш хазинасидир».

Жавоб: «Зикр ва фикр (тафаккур) банданинг ғайрати ва ҳаракати билан ҳосил бўладими ёки Ҳақ таолонинг инъоми- лутфи билан юзага келадими?» — деб сўраяпсан.

Билгилки, шундай фикрки, мўъминнинг унс мақоми, сукунат ва ором маҳали, кўнглининг ҳаёт ва тириклиги бўлса ва бу фикр зикрдан туғилган бўлса, банданинг ҳаракатисиз бандада зоҳир бўлади. Солик Ҳақ йўлидаги зикрида охирги нуқтага етиб бормагунича, унинг зикри бир суратга кирмайди. Шу боис бундай ҳолатдаги соликнинг тафаккури Ҳақнинг инояти мавҳибаи илоҳия (19) сидир. Илоҳий қонун ва одат шу тарзда жараён этади.

Соликнинг зикрда охирги нуқтасига етиши бу тили билан бирга етти аъзосининг, ҳатто туклари ва тирноқларининг ҳам зикрда иштирок этишидир. Қалб аъзоларнинг зикрини эшитади ва кўради, ҳароратга келади, натижада қувват топиб, у ҳам зикрга қўшилади.

Қалб зикрининг ниҳояси қирқ кундир. Бу муддат охирига етганда нурлар жамланиб, қалбни шуълалантиради, ҳис аъзоларининг тешикларидан ташқарига чиқади.

Хилват аҳлида пайдо бўлган бу ҳолларни ҳеч бир фақиҳ, муфассир ёки муҳаддис билолмайди (20).

Эй, Ҳақ йўлининг йўлчиси! Сен ҳам бир кун бу мартабага етсанг, ўз кўзинг билан кўрасан. Бу маънавий ҳолу мушоҳадалар баъзан бир йил, баъзан ўн йил давом этади. Ҳолларнинг муддати зикр муддати қадардир. Бу воқеа пайдо бўлгунга қадар (қалб кўзи очилгунга қадар) инсон зоҳирий кўзи билан кўриб туради. Қалб кўзи билан кўриш, яъни мушоҳададан кейин зикрга гал келади ва ҳокимият қалбий зикр қўлига ўтади. Қалб ҳарорат билан зикр қилган вақт мобайнида тил шодмон бўлиб, интизорлик билан кутиб туради. Қалб зикри тўхтагач, тилга навбат келади ва у зикрга киришади. Муриднинг насибаси меҳрибон бир пирга кўнгил боғлашидир. Мурид ўзи ёлғиз ўн йилда боса олмайдиган йўлни пир раҳбарлигида бир йилда босиб ўтади. Мурид бир ҳол ва мушоҳадага боғланиб, у мартабада ўн йил қолиши мумкин. Оқибатда бир пир келиб, унинг йўлини очади ва муридни у аҳволдан қутқаради.

Воқеалар (мушоҳада) нинг вақти ва навбати ўтгач, қалбдаги зикр иқлимидан барча тафаккур эшиклари тамоман очилади. Тафаккур ортгач, мурид янада жонланади, натижада ҳузур макони янада обод бўлиб, Ҳақ таолонинг муҳофазасига эришади.

Энди сўзимизнинг асл мақсадига ўтайлик: баъзиларда ҳою ҳавас ғазаби, баъзиларда диний ҳақлар ғолиб келади ва унинг сўз ва ишлари одатдаги табиий ҳолати чегарасидан чиқиб кетади. Шундай экан, бир инсоннинг меҳр- муҳаббати бошқа инсонга ғолиб келса, унинг сўзу ҳаракатлари одатдаги тартибдан чиқса, ажабланмаслик керак. Нафсоний, шайтоний ва шаҳвоний ишқ ҳоким бўлган ошиқлар орасида бундай ҳолат очиқ-ойдин кўринади. Шак-шубҳасиз, улар шундай бир фазилатга эришадиларки, сўзлари, хатти-ҳаракат ва йўналишлари олдинги ҳолларига асло ўхшамайди. Шундай экан, Оллоҳ дўстларига ва Ҳақ ошиқларига нега ишониш мумкин эмас? Ҳолбуки, Оллоҳ севгиси (21) махлуқот севгисидан кўра жўшқин, шиддатли ва қудратлироқдир.

Нафсоний ва шайтоний севги билан раҳмоний севги орасидаги фарқ шундай: махлуқот севгисида ўзидан кетиш ва девоналик юзага келади. Ҳақ таолони севишда эса кўнгилда фаросат, ҳикмат ва маърифат ҳосил бўлади. Чунки шайтоннинг йўлида тикан ва хас-хашак учраса, Ҳақ таолонинг йўлида фақат наргису лола рўпара келади.

Савол берувчи «Қайси зикр фикрдан (тафаккурдан), қайси тафаккур зикрдан афзалроқ?» деб сўраган эди.

Бу ҳақда фикримиз шундай: Молий ҳуқуқлар ва баданий вазифалар каби ислом қуббалари ва таянчлари (22) ни муҳофаза қилувчи, ҳаёт истеҳкомини соғломлаштириб, унс уйи иморатини бунёд этувчи зикр — фикрдан афзалроқдир. Чунки бу зикр кўнгил оламида эмас, аъзолар оламида жараён этади. Аъзолардаги зикр шакл ва кўринишга киради. Зикр тил билан ижро этилади, тил эса бир аъзодир. Бу ерда фикрга урғу берилмаяпти, чунки у қалб ишидир ва бу зикр кўнгил оламига етишмаган. Бу зикрнинг устунлиги қуйидаги сабабларга кўрадир: бу мартабада фикр (тушунча, тафаккур) мажбурланмайди. Чунки бу шахснинг кўнгли иймон оламини мушоҳада этиш нурлари билан ойдинлашмаган. Банда нафс ва шаҳват қуллигидан қутулмаган. Дунё, мақом ва ҳаёт севгиси пардаси билан дунёда боқийлик орзуси унинг кўнгил кўзида собитдир. Бу ҳолдаги шахснинг тафаккури қоронғу ва ёмғирли бир кечада йўл билмайдиган кишининг юришига ўхшайди. Ҳар қанча юргани билан манзилга етолмайди. Тўғри ва мустаҳкам йўлдан юриши ноёб бир ҳодиса бўлгани билан «нодирнинг ҳукми йўқдир…»

Бундан ташқари унинг тафаккури кўнгилни очмайди. Чунки у мартаба ва мақомга ҳануз етишмаган. Шу боис ҳануз етишмаган ҳолда бўлгани учун зикр тафаккурдан афзалдир. Зеро, зикр қалбни юмшатади ва кўнгил кўзини мунаввар қилади. Қалб тафаккурини очувчи калит зикрдир. Шу боис Ҳақ таоло «Уйларга эшикларидан киринглар!» (Қуръони карим, 2:189) (23) деган. Ва бу ўз ўрнида амалга ошади.

Қалб билан зикр дарахт билан сувга ўхшайди. Қалб билан тафаккур эса дарахт билан мевага менгзайди. Дарахтни суғормасдан, унинг гуллаб барг чиқаришини кутмасдан ва у ҳали ғунчаю новда очмасдан туриб, ундан мева талаб қилиш хатодир. Чунки ҳануз мева ҳосил бериш вақти етмаган. Балки дарахтни вояга етказиш вақтидир. Уни суғориш, атрофидаги бегона ўт-ўлан ва зараркунандалардан тозалаш, офтоб ҳароратидан баҳраманд бўлишини кутиш керак. Токи дарахт кўкаради, яшнайди ва ям-яшил баргларга бурканади. Шундан кейингина унинг шохларидан мева таъма қилиш тўғри ва ўринли бўлади. Ҳақ таолонинг қуйидаги ояти каримаси мазкур нуқтани тасдиқлайди: «Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Оллоҳ чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир» (24) (Қуръони карим, 29:69). Тилнинг зикри — мужоҳададир. Кўнгилдаги тафаккур эшигини очиш — ҳидоят йўлларини кўрсатишдир.

Ҳар бир нарса бу оятга мувофиқ фоний бўлади, йўқликка айланади. Илк сўзловчи киши бу жинслар орасидаги фарқни шарҳлаганидек, оят ва ҳадисларда келган — хоҳ баданий бўлсин, хоҳ руҳий бўлсин — сифатлар, туғма хусусиятлар, ахлоқ ва фикрий идроклар бу дунёга тегишли ва ўткинчидир…

Бу сўзнинг изоҳи қуйидагича: жазо, мукофот, тақдирлаш ва даража куни бўлган охиратда гўзаллик ва хунуклик, заифлик ва куч-қувват, ҳушёрлик ва ғафлат, тавозеъ ва шуҳрат, сўзамоллик ва дудуқлик, фақрлик ва бойлик, қуллик ва қироллик, хасталик ва саломатлик сингари дунёвий хусусиятлар бирон кишига савоб, даража, жазо ва мукофот бермайди. Бу нарсалар савоб тарозусига қўйилмайди. Булар сабабли инсонга жазо ҳам, азоб ҳам берилмайди. Бу нарсалар билан дунё ҳаётида Ҳақ таолонинг даргоҳига яқинлашиш учун васила ва яқинлик қилмайдилар. Булар билан охират йўлининг манзилларини кеча олмайдилар. Авлиёуллоҳнинг мартабаларига ҳам эриша олмайдилар.

Дин йўлининг улуғларидан бирига савол беришибди: «Бу йўлда бало кўпми ёки неъматми?» У зот шундай жавоб берибдилар: «Бу йўлда на неъмат бор, на бало, на хасталик, на саломатлик, на фақрлик, на бойлик, на яхшилик ва на ёмонлик». Бу сўзни менга савол сўраган одамнинг ўзи айтди. Тўғрисини Оллоҳ таоло яхши билгучидир.