Ҳунарманларнинг 2020 йилги сарҳисоби
Ҳунарманларнинг 2020 йилги сарҳисоби

Республика "Ҳунарманд" уюшмаси томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.
Мамлакатимизда ҳунармандчиликни ривожлантиришга жуда катта эътибор берилмоқда. Бунинг натижасида миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, бу орқали халқимизнинг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини сақлаш, банд бўлмаган аҳоли, айниқса, ёшлар ва аёлларнинг ҳунармандчилик билан шуғулланишига кенг имконият яратилди. Уюшма томонидан жорий йилда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича бир қатор амалий ишлар бажарилди.
– “Ҳунарманд” уюшмасининг аъзолари сони бугунги кунда 59,7 минг нафарга етди, – деди “Ҳунарманд” уюшмаси раиси ўринбосари Азиз Муртазоев. – Шундан 26,5 минг нафари жорий йилда аъзо бўлди. Шу билан бирга, “уста-шогирд” анъаналари ривожланиб, шогирдлар сони 55,7 мингга етди. Шу соҳада республикада яратилган иш ўринлари сони 167 мингни ташкил этади. Жорий йилда Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Андижон, Навоий, Наманган вилоятларида шу кунгача ҳунармандлар учун барча қулайликка эга бўлган 10 та марказ қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, йирик бозор ва савдо мажмуаларида 4 минг 291 та савдо растаси ташкил этилиб, 4 минг 507 нафар ҳунарманд жойлаштирилган.
“Ҳунарманд” уюшмаси қошида “Craft and Art” МЧЖ ташкил этилди. Пандемия шароити бўлишига қарамасдан, 300 га яқин ҳунармандга 780 миллион сўмлик маҳсулотларни ички бозорларда сотишга амалий ёрдам берилди.
Бундан ташқари, жамият томонидан давлат ташкилотлари ва йирик сармоядор корхоналар билан ўзаро хамкорлик тизими йўлга қўйилган бўлиб, уларга йил давомида буюртмаларга асосан 250 миллион сўмлик миллий ҳунармандчилик маҳсулоти етказиб берилди.
Ҳунармандларга ўз маҳсулотларини онлайн савдо орқали сотишни ташкил этиш, онлайн савдонинг қулайлиги, дунёнинг йирик электрон савдо платформаларида фаолият юритишга ўргатиш бўйича жорий йилнинг апрель-май ойларида республиканинг барча ҳудудларида семинар-тренинглар ўтказилди. Натижада 112 та ҳунарманд мустақил равишда онлайн савдо билан шуғулланишни бошлади.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон ҳам жаҳон халқлари маданияти ривожига сезиларли ҳисса қўшиб келаётганлиги қувонарли ҳолдир. Бугун дунёнинг кўплаб музейларида сақланаётган осори-атиқаларимиз, амалий санъат намуналари барчамизнинг кўзимизни қувонтириши, шубҳасиз. Ушбу маданият анъаналарини муносиб давом эттириш, уни асраб-авайлаш ва келажак авлодга муносиб равишда етказиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
ЎзА




