Улуғбекка содиқ шогирд
Улуғбекка содиқ шогирд

Бундан қарийб 600 йиллар аввал Самарқандда Улуғбек ва унинг сафдошлари томонидан ишга туширилган расадхонадан «сирли осмон тоқига қўйилган нарвон» фақат Шарқда эмас, балки жаҳон фани ва маданиятининг ҳали ўрганилмаган томонларини ўрганишга, осмон илми сирларини билиш сари қўйилган илк қадам бўлди.
Самарқандда фаолият юритган бу расадхонада Улуғбек билан биргаликда Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид каби ўз даврининг даҳолари фаолият олиб боришган. Ана шу буюклар қаторида яна бир истеъдодли фалаккиётшунос, риёзиётчи олим Али Қушчи ҳам бор эди. “Зижи Кўрагоний"нинг сўзбошисида “Биз ёритғичларнинг масаласини ҳал қилдик. Уларни Қозизода Румий ва Ғиёсиддин Жамшид ҳамкорлигида бажардик... Бунда муҳим иш ( Зиж)ни ёзиш бошида Ғиёсиддин, кейинроқ Румий вафот этди. Шундан сўнг ишни охиригача расмийлаштириш (Улуғбекнинг) қимматли ўғилхони Али ибн Муҳаммад Қушчи билан биргаликда амалга оширилди» дейилади.
Асли исми Мавлоно Алоуддин Али ибн Муҳаммад Қушчи Самарқандий бўлган Али Қушчи Улуғбек мактабининг атоқли намоёндаси бўлган. Бошланғич маълумотни Самарқандда Қозизода Румийдан олади ва илмини ошириш учун Эроннинг Кирмон шаҳрида 3 йил таълим олади. Айниқса табиий фанларни, хусусан фалаккиёт, риёзиётни пухта ўрганади, 1417 йил Самарқандга қайтади. Улуғбек Али Қушчини 1428 йилда Хитой давлатига элчиликка юборади, у Хитойдан қайтгач, «Математика ва астрономик жуғрофия» асарини ёзади.
Улуғбек вафотидан кейин унинг Самарқанддаги машҳур кутубхонаси хавф остида қолади. Ривоятларга қараганда, кутубхонадаги китобларнинг кўп қисмини Самарқанд яқинидаги Ҳазрат Башир қишлоғига кўчирган. Кўп ўтмай, таъқиблардан қочиб, Али Қушчи Самарқанддан чиқиб кетишга мажбур бўлади. У Туркиянинг Истанбул шаҳрига боради. Турк султони Муҳаммад (Меҳмет) II тараққийпарвар шахс бўлиб, ўз атрофига олим ва шоирларни тўплар эди. Али Қушчининг донғини эшитган султон уни саройга таклиф қилади ва сарой олимларига раҳбар қилиб тайинлайди. Али Қушчи Туркияда олимлар, файласуфлар, шоирларни ўз атрофига тўплаб, илмий ишларни тараққий эттиришга интилади, ўзи эса риёзиёт, фалакиёт, фалсафа, мантиқ, адабиёт, мусиқа ва бошқа фан соҳаларидан рисолалар ёзади. Али Қушчининг асарлари ва дунёқараши илм фан тарихида ўзига хос ўрин тутади. Али Қушчи дунё моддий нарсалардан иборат, моддий нарсалар эса оддий ва мураккаб ҳолда бўлиб, уларда ички зиддиятлар мавжуд деб ҳисоблаган. У фасллар алмашинувига Ернинг қуёшга яқинлашуви сабаблигини айтган.
Али Қушчининг «Ҳисоб рисоласи» асаридан Ўрта Осиё мадрасаларида ўқув қўлланма сифатида фойдаланилган. Али Қушчи Улуғбекка содиқ шогирд сифатида унинг бебаҳо асари «Зижи Кўрагоний»ни сақлаб қолган ва кўп нусхаларда кўпайтирган, турк тилига таржима қилиб, унга шарҳ ёзган. Маълумки ўша даврда Истанбулга Италия, Германия, Австрия ва Голландиядан рассомлар, муҳандислар, ҳарбий мутахассислардан ташқари астрономия ва математика мутахассислари ҳам тўпланган эди. Биринчи бўлиб Самарқанд олимларининг ютуқларидан улар баҳраманд бўладилар. Шу тариқа Улуғбек ва унинг «Зиж»и ҳақидаги хабарлар милодий XV аср охиридаёқ Европага етади. Бунда Али Қушчининг хизмати катта. Улуғбек академияси вакилларининг тадқиқотлари натижаси бўлган буюк мерос - «Зижи жадиди Кўрагоний»дан кейинги юз йиллар мобайнида фақат Шарқ эмас, балки Ғарб мамлакатлари кўпгина йирик расадхоналарнинг олимлари дастуриламал сифатида кенг фойдаландилар
Манбаларга кўра Али Қушчи ўзидан сўнг математика, астрономия ва тилшуносликка оид 30 га яқин рисола қолдиргани маълум.
Унинг асарлари нафақат Мовароуннаҳр, балки Европа, Яқин ва Ўрта Шарқ илмий давраларида оммабоп бўлиб, Али Қушчи томонидан илгари сурилган тадқиқот йўналишларининг келажакдаги ривожи учун асос бўлиб хизмат қилди.
uza.uz




