Уламоларнинг Фарғона вилоятига ташрифи
Уламоларнинг Фарғона вилоятига ташрифи

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги бир гуруҳ уламолар Фарғона вилоятига келди.
Ташриф давомида маънавий-маърифий учрашувлар, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар, таниқли уламолар иитирокида жоме масжидларда суҳбатлар ўтказилиши ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш каби хайрли ишларни амалга ошириш мақсад қилинган.
Шунингдек, вилоят аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилиш билан бир қаторда уларнинг дарду ташвишларига кўмаклашиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва диний соҳага тегишли муаммоларини жойида ўрганиб, бартараф этиш ҳам кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Фарғона туманининг “Оқбилол” қишлоғида жойлашган “Абу Бакр Сиддиқ” ва Қўқон шаҳридаги "Ҳазрати Aббос" жоме масжидларида бўлди. Муфтий ҳазратлари мўмин-мусулмонларга муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида жуда катта имкониятлар берилаётгани, шароитлар ҳозирланаётгани ҳақида гапириб, диний-маърифий соҳада қилинаётган ўзгаришлар, янгиланишлар ва хушхабарлар ҳақида сўзлаб бердилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, котибият бўлими мудири Муҳаммад Аюб домла Ҳомидовлар эса "Тоййиба" ва "Аҳмаджон қори" масжидлари жамоаси билан учрашган бўлса, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Музаффар Комилов ва Аброр Мухтор Али домла эса "Нур" ва "Муҳаммад авлиё" масжиди жамоаси билан мулоқот ўтказдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шариповлар Учкўприк, Ўзбекистон ва Бешариқ туманларида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар билан учрашиб, соҳа ходимлари олдида турган вазифалар бўйича мулоқот ўтказишди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Фарғона вилоят ҳокимлиги ва «Вақф» фонди Фарғона вилоят филиали раҳбарияти томонидан ҳудудлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, оғир ҳолатдаги беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга беш миллион сўм пул, озиқ-овқат жамланмаси, диний-маърифий китоблар ва эҳтиёжларига кўра маиший буюмлар тақдим этилиб борилмоқда.





