Тўғридан-тўғри рейслар очилиши зиёратчилар оқимининг ўсишига хизмат қилади

Тўғридан-тўғри рейслар очилиши зиёратчилар оқимининг ўсишига хизмат қилади

yrvenovkeryupyukapukp.jpg

Қатар Бош вазирининг ўринбосари - ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Жосим Ол Сонийнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида  Ўзбекистон билан Қатар ўртасида муҳим идоралараро ҳужжат – Ҳаво транспорти тўғрисидаги битим имзоланди.

 

Ҳужжатда Ўзбекистон ва Қатар авиакомпаниялари томонидан яқин кунларда мамлакатларимиз пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри рейсларнинг йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

 

Қатарда мамлакатимиз тарихи, замонавий тараққиёти ва бой маданиятига қизиқиш ортиб бораётгани боис тўғридан-тўғри рейсларнинг очилиши, албатта, сайёҳлик алмашинувини фаоллаштириш ва сайёҳлар, жумладан, зиёратчилар оқимининг ўсишига хизмат қилади

 

Қатарликлар ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятига катта ҳурмат билан муносабатда бўлади. Жумладан, Қатар ислом санъати музейида Темурийлар ва Бобурийлар меросига бағишланган алоҳида бўлимлар, Қатар миллий кутубхонасида буюк мутафаккирларимиз Имом Бухорий, Муҳаммад Хоразмий, Абу Али Ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва Аҳмад Фарғоний асарлари сақланаётгани бунинг ёрқин далилидир.

 

Шу билан бирга икки мамлакат илмий-тадқиқот институтлари, шунингдек, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва Қатар Миллий кутубхонаси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилмоқда.

 

Тез кунларда Қатар жамғармаси билан биргаликда Доҳада Ўзбекистон халқ амалий санъати кўргазмаси ва фотокўргазма ташкил этилади.