“Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси
“Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси

Президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди.
Атмосфера ҳавосининг сифатини яхшилаш, шаҳар ва ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш, экологик таълим ва маданиятни юксалтириш, шунингдек, чўлланишга қарши курашишнинг илмий ва амалий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар кўриб чиқилди.
Мамлакатда 2030 йилга қадар атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини қисқартириш, саноат объектларида ташламаларни ушлаб қолиш улушини ошириш, транспортдан чиқадиган зарарли моддаларни камайтириш ҳамда PM2,5 бўйича меъёрдан ошиш кузатиладиган кунлар сонини пасайтириш асосий мақсадлар этиб белгиланган.
“Тоза ҳаво” лойиҳасида энергетика ва саноат тармоқларига алоҳида эътибор қаратилган. Маҳсулотининг маълум қисмини муқобил энергия ҳисобига ишлаб чиқарадиган корхоналарга солиқ имтиёзлари ва молиявий рағбатлар бериш, автоматик мониторинг станциялари, фильтрлар, чанг-газ тозалаш ҳамда энергия самарадор ускуналарни кенг жорий этиш кўзда тутилган. Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги саноат корхоналарида мажбурий автоматик мониторинг постлари ўрнатилиб, уларнинг маълумотлари ягона геоахборот тизимига интеграция қилинади. Бундай талабларга амал қилмаган субъектлар учун компенсация тўловлари кескин оширилади.
2026 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда янги иссиқхона ташкил этишни чеклаш, шу билан бирга, кўчирилаётган хўжаликларга инфратузилма, кредит ва логистика бўйича имтиёзлар бериш назарда тутилмоқда.
Лойиҳага кўра, тайёрланадиган ўқувчи ва талабалар сони йил сайин оширилиб, 2028-2029 ўқув йилига бориб, 10 минг нафарга етказилади. Бакалавриат ва магистратурада атроф-муҳит ва барқарор бошқарув, яшил иқтисодиёт, атроф-муҳит муҳандислиги, иқлим ўзгариши, чўлланишга қарши курашиш, барқарор шаҳарсозлик, барқарор энергия алмашинуви каби янги йўналишлар очилади. Таълим жараёнида дуал тизим жорий қилиниб, назарий билим билан амалиёт уйғунлаштирилади. Университет таълим тизимини ривожлантириш, илмий-инновацион лойиҳалар ва тарғибот ишлари учун катта миқдорда маблағ ажратиш кўзда тутилган.
Аҳоли орасида экологик маданиятни ошириш учун “10 минг қадам пиёда” ташаббусини тиклаш, “Соғлом турмуш тарзи” платформасини ишга тушириш, шунингдек, Самарқанд шаҳрида GEF-8 ассамблеяси ва “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмасини ўтказиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари тақдимот қилинган лойиҳаларнинг экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, шаҳар ва қишлоқ муҳитини янада қулайлаштириш, шунингдек, ушбу соҳада илм-фан ва замонавий технологияларни кенг жорий этишдаги муҳим аҳамиятини қайд этиб, уларни маъқуллади.




