Тошкентнинг ҳар бир тумани муайян соҳага ихтисослаштирилади
Тошкентнинг ҳар бир тумани муайян соҳага ихтисослаштирилади

Бугунги кунда Тошкент шаҳри Республика ЯИМининг 21 фоизини таъминламоқда. 2026 йилда шаҳар иқтисодиётини 12 фоизга ошириш, экспортни 3,6 миллиард долларга етказиш, 9 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва 616 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мақсад қилинган.
Шу муносабат билан шаҳар ҳокимлиги, унинг 12 нафар ўринбосари ва 12 та туман ҳокимлари саноат, экспорт, инвестиция ва туризм соҳаларида фаол ишлар ташкил қилиши зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда жорий йил янгича ёндашув асосида шаҳарнинг 12 та тумани аниқ бир саноат ёки хизмат кўрсатиш тармоғига ихтисослаштирилиши қайд этилди.
Бектемир тумани кимё саноати ва улгуржи савдога,
Мирзо Улуғбек тумани кабель саноати, илм-фан, таълим ва ахборот технологияларига,
Миробод тумани озиқ-овқат саноати, туризм ва умумий овқатланишга, Учтепа заргарлик, маиший хизмат ва чакана савдога,
Чилонзор — фармацевтика, савдо, хизмат кўрсатиш ва спортга,
Шайхонтоҳур — мебелсозлик ва гастротуризмга,
Юнусобод — қоғоз саноати ва туризмга,
Яшнобод — электротехника ҳамда транспорт-логистикага,
Яккасарой — енгил саноат ва молиявий хизматларга,
Янгиҳаёт — автомобилсозлик ва логистикага,
Олмазор — қурилиш материаллари саноати ва таълимга,
Сергели эса металлургия, логистика ва автосервис соҳаларига йўналтирилади.
Тошкентда инвестиция ва ишбилармонлик махсус муҳит жорий қилиш орқали янги тажриба яратилиши белгиланди. Жумладан, бизнес учун рухсатнома ва лицензиялар бериш ваколатини тегишли вазирлик ва идоралардан уларнинг ҳудудий бўлинмаларига тушириш, экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлашнинг янги ёндашувларини жорий этиш, тадбиркорларнинг логистика билан боғлиқ муаммоларини тезкор ҳал қилиш тизимини йўлга қўйиш белгиланди.