Тошкент - Анқара мулоқоти
Тошкент - Анқара мулоқоти

Давлатлар ўртасидаги яқинлик тарих ва маданият билан бошланиши мумкин. Бинобарин, жараённинг узоқ муддатли қиймати иқтисодиёт, технология ва бошқа соҳалардаги умумий манфаатда намоён бўлади. Ўзбекистон ва Туркия муносабати ҳам шу йўлдан боряпти: бир вақтлар қардошлик туйғуси билан мустаҳкамланган алоқа бугун саноат кооперацияси, инвестиция, транспорт ва таълимни қамраб олган стратегик шерикликка айланди.
29-30 октябрь кунлари Анқарада ўтказилиши режалаштирилган Туркий давлатлар ташкилоти саммити арафасида икки томонлама ҳамкорликнинг янги имкониятлари алоҳида аҳамият касб этади.
Бу жараён асосида ўзаро ишонч, сиёсий ирода ва умумий манфаат мужассам. 1991 йил Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олди, 1992 йил дипломатик муносабат ўрнатилди. Кейинги даврда ҳамкорлик турли босқичлардан ўтди. 2016 йил алоқаларга янги суръат берилди, 2022 йил эса ҳар томонлама стратегик шериклик мақоми қарор топди.
Бугун муносабатлар Президентлар мулоқоти билан бирга Ҳукуматлараро комиссия, Стратегик ҳамкорлик ва Ишбилармонлар кенгашлари орқали ҳам ривожланмоқда. Бу механизмлар келишувларни муайян соҳа ва лойиҳалар билан боғлаш имконини беради. Энг муҳими, шерикликни янги йўналишлар билан бойитиб, узоқ муддатли асосни мустаҳкамлайди.