Тони Блер: “Президент Шавкат Мирзиёев асрлар синовига дош берадиган маскан яратди”
Тони Блер: “Президент Шавкат Мирзиёев асрлар синовига дош берадиган маскан яратди”
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг собиқ Бош вазири, Тони Блер глобал ўзгаришлар институтининг ижроия раиси бошчилигидаги делегация қабул қилинди.
Олий мартабали меҳмонларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов кутиб олди. Ташриф давомида делегацияга Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур йирик маърифий мажмуа ғояси, унинг илмий-маданий концепцияси ва халқаро аҳамияти ҳақида маълумот берилди.
Марказ ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашар экан, Тони Блер Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу тарихий лойиҳани амалга оширишдаги ташаббуси ва стратегик қарашларига алоҳида баҳо берди:
“Бундай кўламдаги, бундай таъсирчан ва мазмунан чуқур лойиҳани амалга ошириш учун катта кўра билиш салоҳияти, тасаввур ва жасорат талаб этилади. Президент Шавкат Мирзиёев асрлар синовига дош берадиган, вақт ўтгани сайин аҳамияти янада ортиб борадиган маскан яратди.
Бу Марказ нафақат муайян тарихий давр ёки маданий мерос ҳақида сўзлайди. У цивилизация ҳақидаги муайян ғояга, инсонларни бирлаштирувчи маърифат ва бағрикенглик тамойилларига бағишланган. Шу билан бирга, у Президентнинг ташаббускорлиги, амалий иродаси ва катта ғояларни ҳаётга татбиқ этиш қобилиятининг ёрқин ифодасидир”.
Музей экспозицияларида Исломдан аввалги давр цивилизациялари, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, Ўзбекистоннинг XX асрдаги тарихий тараққиёти, Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс ғояси, шунингдек, буюк алломалар ҳаёти ва уларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси замонавий мультимедиа воситалари, нодир қўлёзмалар ва тарихий ашёлар орқали намойиш этилди.
Ташрифнинг алоҳида муҳим жиҳатларидан бири — делегацияга Ўзбекистон маданий меросига мансуб, хорижий коллекциялар ва аукцион майдонларидан Ватанга қайтарилган нодир артефактлар ҳақида маълумот берилгани бўлди. Айниқса, Буюк Британиядан олиб келинган айрим осори-атиқалар мисолида маданий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва ўз тарихий маконига қайтариш борасида амалга оширилаётган ишлар таъкидланди. Мазкур жараёнлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг миллий меросни ҳимоя қилиш ва уни келажак авлодларга етказишга қаратилган ташаббуслари билан узвий боғлиқ экани қайд этилди.
Тони Блер Марказнинг Қуръони карим зали билан ҳам танишди. Ушбу залда сақланаётган Усмон мусҳафи, турли тарихий даврларда битилган Қуръон нусхалари, залнинг меъморий ечими ва маънавий муҳити меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Марказ ҳақидаги умумий таассуротларини баён этар экан, Тони Блер уни дунё миқёсида ноёб маърифий маскан сифатида баҳолади:
“Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази — мен дунёнинг турли жойларида кўрган энг эътиборга молик масканлардан биридир. Мен кўп мамлакатларда бўлганман, кўплаб тарихий ва замонавий иншоотларни кўрганман, аммо бу Марказ алоҳида таассурот қолдиради.
У Ислом цивилизацияси, унинг бой мероси ва Ўзбекистоннинг уч Ренессанси ҳақида чуқур тасаввур беради. Бу ернинг руҳи — уйғунлик, бағрикенглик, тинчлик ва инсонларни бирлаштириш ғояларига асосланган. Шу маънода, Марказ нафақат музей, балки халқлар ва маданиятлар ўртасидаги мулоқот майдонидир. Ўзбекистон бу билан чиндан ҳам фахрланиши керак”.
Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги илмий-маданий ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритар экан, Тони Блер Марказнинг Оксфорд ва Кембриж каби етакчи илмий муассасалар билан алоқаларини юқори баҳолади:
“Марказнинг Оксфорд ва Кембриж билан ҳамкорлик қилаётгани мени қувонтирди. Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасидаги бу яқин илмий-маданий боғлиқлик жуда муҳим.
Бу ерда намойиш этилаётган айрим артефактлар аввал Буюк Британияда бўлган, эндиликда эса улар ўз тарихий заминида турибди. Умид қиламанки, бу ҳолат фақат ўтмиш билан боғлиқ рамз бўлиб қолмайди, балки Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги келажак ҳамкорлиги учун муҳим белгига айланади”.
Ташриф якунида Тони Блер Марказнинг Фахрий меҳмонлар китобига ўз таассуротларини ёзиб қолдирди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов меҳмонга буюк алломалар ҳаёти ва илмий фаолияти, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли ҳамда Учинчи Ренессанс ғоялари акс этган нашрни эсдалик совғаси сифатида тақдим этди.
Мазкур ташриф Ўзбекистонда маданий меросни асраш, илм-маърифатни тарғиб этиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ишларга билдирилган яна бир юксак эътироф бўлди.











