Тинчлик, бағрикенглик ва маърифат — цивилизация ва тараққиётнинг энг мустаҳкам пойдевори
Тинчлик, бағрикенглик ва маърифат — цивилизация ва тараққиётнинг энг мустаҳкам пойдевори
Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида «Умуммиллий бирдамлик — Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи!» мавзусидаги халқаро конференция давом этмоқда.
Анжуман иштирокчиларини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов қутлар экан, юртимизга ташриф буюрган хорижий меҳмонлар, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, давлат ва жамоат ташкилотлари, илмий доиралар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларига миннатдорлик билдирди.
"Бугунги халқаро конференциянинг миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва фуқаролик бирдамлигини мустаҳкамлашга бағишлангани долзарб аҳамият касб этади. Зеро, бу қадриятлар ҳар қандай давлатнинг барқарор тараққиёти, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашнинг энг муҳим омилларидан ҳисобланади", — деди Фирдавс Абдухолиқов.
Нутқда таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонда инсон қадрини юксалтириш, миллатлараро тотувликни таъминлаш, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда турли миллат ва элат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ишончни қарор топтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Қайд этилганидек, давлат раҳбари ушбу эзгу тамойилларни 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессияси минбаридан бутун жаҳон ҳамжамиятига илгари суриб, бағрикенглик, маърифат ва ўзаро ҳурмат глобал тинчлик ҳамда барқарор тараққиётнинг энг муҳим шартларидан бири эканини алоҳида таъкидлаган. Бугун мазкур ташаббуслар нафақат мамлакатимиз тараққиётининг муҳим тамойили, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаётган амалий сиёсатга айлангани қайд этилди.
Фирдавс Абдухолиқов ўз маърузасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ғоявий концепцияси ҳам айнан шу юксак қадриятларга асосланганини таъкидлади.
"Марказ экспозицияси Ўзбекистон ҳудудида шаклланган уч минг йиллик цивилизация тарихини халқлар, маданиятлар ва динлар ўртасидаги узвий мулоқот, ҳамжиҳатлик ва ўзаро таъсир нуқтаи назаридан яхлит тизимда намоён этади", — деди у.
Шунингдек, Марказ томонидан амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар, халқаро конференциялар ва маданий ташаббуслар Ўзбекистоннинг бой цивилизацион меросини жаҳон ҳамжамиятига кенг танитиш, халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Маъруза якунида Марказ директори мазкур халқаро анжуман фикр ва тажриба алмашиш, янги ташаббусларни илгари суриш ҳамда мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги мулоқотни янада ривожлантириш учун муҳим майдон бўлишига ишонч билдирди.
"Ўзбекистон тарихи бизга буюк ҳақиқатни англатади: цивилизация ва тараққиётнинг энг мустаҳкам асоси — тинчлик, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва маърифатдир. Ана шу бебаҳо меросни асраб-авайлаш, уни келажак авлодга етказиш ва бутун дунёга кенг тарғиб этиш барчамизнинг умумий вазифамиздир", — дея сўзини якунлади Фирдавс Абдухолиқов.







