Термизда янги кулолчилик маркази очилди
Термизда янги кулолчилик маркази очилди

Термиз шаҳридаги Саховат маҳалласида уста-кулол Жўраев Фазлиддин номли кулолчилик маркази иш бошлади.
Икки қаватли кўркам бинонинг очилиш маросимида сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳунармандчиликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани аждодлардан мерос қолган миллий буюмлар, қадрият ва анъаналаримизни қайта тиклаб, дунёга кенг тараннум этишда муҳим омил бўлаётгани алоҳида таъкидланди. Бу жараёнда миллий ҳунармандчилигимизни эъзозлаб келаётган юртдошларимиз учун барча замонавий шароитлар яратилаётгани қайд этилди.
Термизлик машҳур кулоллар сулоласи Хайрулло Жўраев барпо этган марказда ёшларга соҳа сирларини мукаммал ўргатиш учун барча қулайлик яратилган. Биринчи қаватда шинам устахона, кўргазма ҳамда савдо зали мавжуд. Бинонинг иккинчи қавати қадимий каштачилик ўқув курси учун мўлжаллаб, қурилган.

– Кулолчилик нафис ва ноёб санъат, жуда қизиқарли ҳунар, – дейди Термиз давлат университети кулолчилик йўналиши талабаси Шамсинур Очилова. – Унда аждодларимизнинг бой маданияти, тарихий анъаналари ва ноёб қадриятлари ўз аксини топган. Бу ерда воҳанининг миллий кулолчилигини янада ривожлантириш ва уни ёш авлодга ўргатиш учун барча шароит яратилганини кўриб қувондик.
Бинони қуриб, ишга тушириш учун оилавий кулоллар ўз маблағи ҳамда тижорат банкининг 55 миллион сўм имтиёзли кредит маблағидан фойдаланди. Шунингдек, марказни барпо этиш ҳамда жиҳозлашга иккинчи сектор ва Сурхондарё вилоят “Ҳунарманд” бошқармаси яқиндан кўмаклашди.
– Марказни мебель ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминладик, – дейди Сурхондарё вилоят “Ҳунарманд” бошқармаси бошлиғи Муҳайё Жўраева. – Бу ерда бир йўла ўн нафар ёш кулолчилик, ўн нафар қиз каштачилик сир-асрорларини чуқур ўрганиб, мустақил ҳаётга йўлланма олиши учун барча шароит яратилди. Эндиликда оилавий ҳунармандлар кўплаб ўғил-қизларга касб сирларини ўргатиб, ёшлар бандлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшади.
Айни пайтда Термиз шаҳри, Бойсун ва Жарқўрғон туманларида тўртта ҳунармандчилик ўқув маркази фаолият юритмоқда. Жорий йилда Шеробод туманида ҳам кулолчиликка ихтисослашган янги марказ бунёд этиш режалаштирилган.
ЎзА




