Тасаввуф бўйича икки йирик монография
Тасаввуф бўйича икки йирик монография

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда улуғ аждодларимиз, хусусан Хожагон Нақшбандия тариқати таълимоти, тариқат намояндалари ҳаётини ўрганиш ва етказиш борасида самарали ишлар амалга оширилди.
Ёш тасаввуфшунос –Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Комилжон Раҳимовнинг хожагон-нақшбандия тариқати асосчилари – Абдихолиқ Ғиждувонийдан Баҳоуддин Нақшбандгача бўлган илк етти раҳбари ҳаёти ва фаолияти ҳақида муфассал ҳикоя қилувчи “Хожагон-нақшбандия тариқати ва етти пир” ва “Моваруннаҳр тасаввуфи тарихи: таълимотнинг шаклланиши ва тизимлаштирилиши (VIII-ХI асрлар)” номли йирик монографиялари нашр этилди.
Ҳеч шубҳасиз, олимнинг ушбу тадқиқоти халқимиз маънавияти ва дунёқарашининг шаклланишида муҳим ўрин тутган хожагон-нақшбандия тариқатини илмий асосда ўрганиш ишига муҳим ҳисса бўлиб қўшилди, дейиш мумкин.
Муаллиф мазкур китобда хожагон-нақшбандия тариқатининг вужудга келиши ва ёйилиш тарихи, айни тариқат таълимоти асосларининг илмий асосланган аниқ манзарасини чизиб беради. К. Раҳимов тадқиқотда Марказий Осиё тасаввуфининг хожагон- нақшбандия тариқати вужудга келгунга қадар бўлган давр тўғрисида ҳам муҳим маълумотларни келтиради. Муаллифнинг фикрича хожагон-нақшбандия тариқати қуруқ ерда пайдо бўлган ёки шу пайтгача тасаввур қилинганидек, тўлалигича бошқа ўлкалардан юртимизга олиб келинган таълимот эмас, балки Марказий Осиёда унинг вужудга келиши учун муайян омиллар ва шарт-шароитлар мавжуд бўлган.
Муаллиф манбаларга таянган ҳолда Ғиждувонийдан Баҳоуддин Нақшбандгача бўлган илк етти пирнинг таваллуд ва вафоти саналари, ҳаёти ва фаолияти, таълимоти ва асосий ғоялари тўғрисида нисбатан аниқ ва тизимли маълумот бера олган.
Ушбу тадқиқот Абдихолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигига армуғон сифатида амалга оширилган.
Мамлакатимиз илм-фани тараққиётида буюк алломаларимиз қолдирган бой илмий ва маънавий мерос, хусусан, сўфий аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти ва улар томонидан яратилган асарларни ўрганишда янги давр нафасини Комил Раҳимовнинг “Моваруннаҳр тасаввуфи тарихи: таълимотнинг шаклланиши ва тизимлаштирилиши (VIII-ХI асрлар) номли монографиясида ҳам яққол сезиш мумкин.
Унда Марказий Осиё тасаввуфининг сўфийлик тариқатларигача бўлган даври муҳим хусусиятлари, асосий ғоялари, йирик намояндалари ва Калободий Бухорий битган “Ат-Таъарруф”, Мустамлий Бухорий қаламига мансуб “Шарҳ ат - Таъарруф” асарларининг сўфийлик орасидаги ўрни, “Шарҳ ат -Таъарруф” асарининг тасаввуфга оид муҳим асар сифатидаги аҳамияти ҳамда унинг ўзидан кейинги тасаввуф манбаларига таъсири батафсил тадқиқ этилган.
Ёш ўзбек тасаввуфшунос олими Комилжон Раҳимов ўлкамиз тасаввуфи тарихининг ҳанузгача эътибордан четда қолиб кетган муҳим босқичи бўлган VIII – ХI асрларда, яъни хожагон- нақшбандия тариқати вужудга келгунга қадар кечган даврини умумий тарзда бўлса-да ёритиб беришга муваффақ бўлган. Шунингдек, бу даврда бошқа минтақавий тасаввуф мактабларидан мустақил бўлган Марказий Осиё тасаввуф мактаби шаклланганлигини ва ривожланганлигини исботлашга эришган.
Мазкур ишларнинг муҳим жиҳатларидан яна бири шундаки, унда Марказий Осиё тасаввуфининг илмий-назарий табиатга эга бўлганлиги – сўфий аждодларимиз фақат сўфийлик амалиёти билан шуғулланиб қолмасдан, тасаввуфга бағишланган асарлар яратишга ҳам ёрқин ҳисса қўшгани маҳорат билан кўрсатиб берилган.
Муаллиф Марказий Осиёдан чиққан Ҳаким Термизий, Калободий Бухорий ва Мустамлий Бухорий каби тасаввуф назариётчилари асарларининг тасаввуф таълимотини тизимлаштиришдаги ролига тўхталиб ўтиш билан бирга Мустамлий Бухорий қаламига мансуб “Шарҳ ат-Таърруф” асарининг тасаввуф асосларига бағишланган фундаментал асар сифатидадаги аҳамияти ҳамда унинг ўзидан кейинги сўфийлик асарларига кўрсатган таъсирини махсус тадқиқ этган.
Ушбу монографик тадқиқотлар нафақат Марказий Осиё тасаввуфи тарихининг бизга яхши маълум бўлмаган даврини ёритиш, балки ушбу даврнинг ХII асрда вужудга кела бошлаган сўфийлик тариқатлари, хусусан хожагон-нақшбандия тариқатининг шаклланиши учун асос бўлиб хизмат қилганлигини кўрсатиб бериш жиҳатидан ҳам аҳамиятлидир.




