Тарихни гапирмайдиган, балки “жонлантирадиган” гидлар тайёрланмоқда

Тарихни гапирмайдиган, балки “жонлантирадиган” гидлар тайёрланмоқда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозицияларида ташриф буюрувчиларга юқори сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш, профессионал гид-экскурсоводлар гуруҳини шакллантириш ҳамда ёш мутахассисларни соҳага кенг жалб этиш мақсадида навбатдаги уларга 2 ҳафталик эксклюзив ва жуда пухта ўйланган режа асосида ишланган семинар машғулоти бўлиб ўтди. 

Мазкур ўқув жараёнида Марказ томонидан олий таълим муассасаларининг битирувчи босқич талабалари орасида ўтказилган танлов натижалари ҳамда келгусида амалга ошириладиган ўқув-семинар жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Қайд этилганидек, Марказ музей экспозицияларида гид-экскурсоводлик фаолиятини олиб бориши мумкин бўлган иқтидорли ёшларни саралаш мақсадида республикадаги олий таълим муассасаларининг 4-босқич талабалари ҳамда магистратура битирувчи босқич талабалари ўртасида дастлабки танлов ташкил этилди. Ушбу танловда 200 нафардан ортиқ номзод иштирок этди.

Саралаш жараёнлари номзодларнинг тарихий билимлари, нутқ маданияти, аудитория билан ишлаш қобилияти ҳамда чет тилларини билиш даражаси каби мезонлар асосида амалга оширилди. Танлов якунларига кўра, 117 нафар энг муносиб номзод кейинги босқичга ўтказилди.

Саралаб олинган ушбу номзодлар учун махсус ўқув-семинар машғулотлари йўлга қўйилди. Мазкур номзодлар иштирокида якуний семинар дарслари бўлиб ўтди.

Шунингдек, ўқув жараёнлари доирасида таниқли диктор ва нотиқлик маҳорати бўйича мутахассис Дилором Умарова иштирокида якуний семинар машғулоти ҳам ташкил этилди.

Мазкур учрашув давомида мутахассис ўзининг кўп йиллик тажрибаси, омма олдида чиқиш қилиш сирлари, нутқни тўғри ва таъсирчан етказиш усуллари ҳамда аудитория билан самарали мулоқот ўрнатиш бўйича амалий тавсиялари билан ўртоқлашди.

Семинар интерактив тарзда ўтказилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишди. Дилором Умарова томонидан берилган жавоблар ва маслаҳатлар ўқувчиларнинг касбий кўникмаларини янада такомиллаштиришга хизмат қилди.

Дилором Умарова:

“Аввало, икки ҳафта давомида ташкил этилган ўқув жараёни ва эришилган натижалар алоҳида эътирофга лойиқ. Айниқса, Ислом цивилизацияси марказининг Guinness World Records рўйхатига киритилгани барчамиз учун катта қувонч ва ифтихор бўлди. Бу нафақат марказ жамоаси, балки бутун мамлакатимиз учун муҳим ютуқ ҳисобланади.

Ўқув жараёни жуда самарали ва мазмунли тарзда ўтди. Ёшларнинг касбга бўлган қизиқиши, интилиши, саволларга ёндашуви ва тайёргарлиги юқори даражада бўлди. Улар тайёрлаб келган матнлари, фикрлаш доираси ва жавоблари орқали ўз салоҳиятини намоён этди. Шу боис, ўқитиш жараёнида жиддий  қийинчиликлар кузатилмади. Йигит-қизларнинг барчаси яхши натижалар кўрсатди ва келгусида нуфузли меҳмонлар олдида муносиб иштирок эта оладиган кадрлар бўлиб шаклланишига ишонч катта”.

Иззат Ибрагимов, Марказ директорининг ахборот технологиялари масалалари бўйича ўринбосари:

“Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташриф буюрувчиларга сифатли гид-экскурсоводлик хизматини йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда Ўзбекистон Туризм қўмитаси ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда бир қатор олий таълим муассасалари талабалари ўртасида дастлабки саралаш танлови ташкил этилди. Жумладан, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Шарқшунослик университети, Тошкент давлат санъат ва маданият институти, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институти ҳамда Чирчиқ давлат педагогика институти талабалари орасидан иқтидорли номзодлар суҳбат асосида танлаб олинди.

Натижада дастлабки босқичда 117 нафар номзод саралаб олинди. Ҳозирда улар Туризм қўмитаси мутахассислари иштирокида, шунингдек нутқ маданияти бўйича махсус икки ҳафталик ўқув курсларида таҳсил олдилар”. 

Семинар машғулотлари икки ҳафта давомида ташкил этилган бўлиб, улар назарий ва амалий қисмларни ўз ичига олди. Назарий машғулотларда иштирокчиларга Марказ экспозицияларининг мазмун-моҳияти, тарихий манбалар билан ишлаш, маълумотларни тўғри ва аниқ етказиш ўргатилда. Амалий машғулотларда эса номзодлар бевосита музей ҳудудида экскурсия олиб бориш кўникмаларини шакллантирди, ташриф буюрувчилар билан мулоқот қилиш, гуруҳни бошқариш ва турли саволларга жавоб бериш бўйича тажриба орттирди.

Рустам Жабборов, Марказ илмий котиби:

“Ислом цивилизацияси марказида гид-экскурсоводлар фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки гид — бу оддий ахборот берувчи эмас, балки Марказда мужассам бўлган бой тарихий ва илмий меросни тўғри ва таъсирчан тарзда етказиб берувчи муҳим кўприкдир. Шу боис биз гидлар фаолиятида мазмун, аниқлик ва таъсирчанликка устувор аҳамият беряпмиз. Асосий мақсадимиз — ҳар бир ташриф буюрувчи Марказдан чуқур таассурот ва бой маънавий билим билан чиқишини таъминлашдир”. 

Таъкидланганидек, Марказ фаолиятини кенг жамоатчиликка тўғри ва таъсирчан тарзда етказишда гид-экскурсоводлар муҳим ўрин тутади. Шу боис уларни пухта тайёрлаш, билим ва кўникмаларини тизимли равишда ошириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Сардор Азизов, талаба:

“Марказдаги гид-экскурсоводлик курслари мен учун нафақат билим олиш, балки амалда тажриба тўплаш имконияти ҳам бўлди. Экспозициялар орқали тарих ва маданиятни янги жиҳатдан кўриш, ташриф буюрувчилар билан мулоқот қилиш менга катта илҳом берди. Бу курс орқали мен келажакда нафақат профессионал экскурсовод бўлиш, балки инсонларга Ўзбекистоннинг бой маданий меросини ҳақиқатда ҳис қилишига ёрдам беришни мақсад қиляпман”. 

Семинар машғулотлари якунида иштирокчилар учун якуний имтиҳон ўтказилиши белгиланган. Имтиҳон натижаларига кўра, энг юқори натижа кўрсатган, салоҳияти ва имконияти юқори бўлган номзодлар Марказ музей экспозицияларида ташриф буюрувчиларга гид-экскурсоводлик хизматини кўрсатишга жалб этилади.

Мазкур ташаббус ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларни амалий тажриба билан таъминлаш, шунингдек, Марказда хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.

Семинар якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар тингланди ҳамда келгусида гидлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.