Тарихий ёдгорликлар пухта ўрганилиб, тикланади
Тарихий ёдгорликлар пухта ўрганилиб, тикланади

Қадимий обидаларни қайта тиклаш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, консервация ишларини олиб бориш ғоят мураккаб, масъулиятли, чуқур илмий, тарихий, юқори профессионал мутахассислик даражада ёндашувни талаб этадиган жараёндир.
Кейинги йилларда мамлакатимизда миллий меросни асраб-авайлаш йўлидаги амалий саъй-ҳаракат ва интилишлар халқаро миқёсда ҳам кенг ҳам акс-садо бермоқда.
Маданият вазирлигининг Маданий мерос департаменти томонидан Франция шаҳарсозлик институти мутахассислари, катта тажрибага эга меъмор ва шаҳарсоз экспертлар Эрик Уйбрехтс ҳамда Кристина Иаманди иштирокида Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий ҳудудини регенерация қилиш (тиклаш) концепция лойиҳаси масалалари, Шаҳрисабз шаҳридаги меъморий ёдгорликларнинг ўрганилиши бўйича матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда маданият вазирининг ўринбосари, Маданий мерос департаменти бошлиғи Камола Акилова кейинги йилларда мамлакатимизда миллий меросни сақлаш, уларнинг муҳофазасини кучайтириш масаласи устувор аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Маълумки, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мерос масалаларига бағишланган 43-сессиясида Шаҳрисабз шаҳри бўйича тегишли қарор қабул қилинган. Мазкур қарор ижросини ўрганиш ҳамда шаҳарнинг тарихий қисмида регенерация ишларини йўлга қўйиш мақсадида жорий йилнинг 19-24 май кунлари Шаҳрисабзга Франция шаҳарсозлик институтининг бир гуруҳ эксперт-олимлари келиб, шаҳарнинг тарихий маҳаллалар жойлашган қисми, тарихий-меъморий ёдгорликларини ўрганиш бўйича ишларни олиб бордилар. Халқаро экспертлар Маданий мерос департаменти мутахассислари, Шаҳрисабз шаҳар меъморлари, тарихий обидалар мутахассислари билан шаҳарнинг қадимий харитаси бўйича ўзаро фикр алмашиш билан бирга регенерация ишларини йўлга қўйиш масалалари юзасидан ўзаро маслаҳатлашдилар.

– Институтимиз шаҳарсозлик бўйича Европадаги йирик илмий муассаса саналади, – деди Франция шаҳарсозлик институти мутахассиси, архитектор, шаҳарсозлик ва ҳудудий лойиҳалар бўйича эксперт Эрик Уйбрехст. – Шаҳрисабздек қадимий шаҳарни ўрганиш ишлари унинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган икки босқичда – 2000 йилдан бошлаб 2016 йилларгача ҳамда унинг шаҳарсозлигига хавф пайдо бўлган даврни қамраган ҳолда олиб борилмоқда. Оқсарой, Кўкгумбаз каби бир қатор ёдгорликлар оригиналлиги, тарихий аҳамияти нуқтаи назаридан пухта ўрганилди.
Хорижлик экспертларнинг фикрича, бу ердаги турли қурилишлар тарихий ёдгорликларнинг кўриниши, меъморий ечими ва тузилмасига таъсир кўрсатаётгани учун 2016 йилда Шаҳрисабз ташқи таъсирлар сабабли ҳимояланиши зарур бўлган шаҳарлар рўйхатга киритилган эди. Ўзбекистонда кейинги 4-5 йилар мобайнида меъморий обидаларни асраб-авайлаш борасидаги давлатнинг улкан амалий қадамлари, эзгу хоҳиш ва интилишлари, иродаси халқаро миқёсда ҳам яққол кўзга ташлангани боис, Шаҳрисабзга юқори малакали билим ва тажрибага эга бўлган шаҳарсоз ва меъмор мутахассислар, экспертлар гуруҳлари юборилди.

ИКОМОС (Ёдгорликлар ва диққатга сазовор масканларни асраш бўйича халқаро кенгаш) эксперти, архитектор Кристина Иамандининг фикрича, ўз ҳудудидаги тарихий объектларнинг ҳолати, уларнинг кўнгилдагидек ҳолатда бўлишини таъминлаш, ёдгорликлар “умри”нинг бардавомлигидек мақсад-муддао Ўзбекистон учун устувор аҳамият касб этиши яққол кўзга ташланмоқда. Ваҳоланки, дунёнинг айрим давлатларда бундай истакнинг аксини ҳам кузатиш мумкин. Масалан, Дрезден шаҳрида (Германия) ёки Амманда (Иордания) давлатнинг тарихий ёдгорликларни сақлашдан манфаатдор эмаслигига франциялик экспертлар ўз фаолияти давомида шахсан гувоҳ бўлишган.
Матбуот анжуманида шулар маълум бўлдики, хорижлик экспертлар қадимий обидаларимизнинг аҳамиятини инобатга олган ҳолда уни қайта тиклаш билан боғлиқ жараёнга ғоят катта масъулият билан, халқимиз таъбири билан айтганда “етти ўлчаб, кейин кесиш” нуқтаи назаридан ёндашаётгани эътиборга моликдир. Тегишли таклиф ва тавсияларнинг тайинланишида юртимиз Маданий мерос департаменти томонидан барча маълумотлар, ҳужжатлар, таҳлилий ҳисоботлар ўз вақтида тақдим этилаётгани бу борадаги ишларнинг натижадор ва самарали кечишида муҳим омил бўлмоқда.
Хорижлик мутахассислар томонидан Шаҳрисабзнинг тарихий қиёфасини қайта тиклашга кўмаклашиш мақсадида 3 хил тавсиявий сценарийлар ишлаб чиқилмоқда. Уларнинг мақбуллиги ЮНЕСКО ҳамда БМТнинг Минг йиллик ривожланиш дастури талаб ва мезонларига мувофиқлигига алоҳида эътибор қаратилади. Бир сўз билан айтганда, шаҳарнинг қадимий кўринишини қайта тиклашга доир амалий таклиф ва тавсиялар келаси йилнинг январь ойида ЮНЕСКОга тақдим этилиб, бунда ушбу таклифларнинг халқаро шаҳарсозлик ва меъморчилик талаб-қоидаларига уйғун эканига жиддий аҳамият қаратилади.
Матбуот анжуманида қадимий шаҳарларимизнинг тарихий қиёфаси, меъморий обидаларни асраш билан боғлиқ саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
ЎзА




