“Тарихи томм” ўтмишнинг муҳим саналаридан сўзлайди

“Тарихи томм” ўтмишнинг муҳим саналаридан сўзлайди

dtyjkfydtyjkdrhsgsgsh.jpg

Турли даврга оид қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий ҳужжатлар ҳамда эпиграфик ёдгорликлар тарихий воқеликларни ўрганиб, яшаб ўтган алломалар ҳаёти ва фаолиятини тадқиқ этишда бирламчи манба бўлиб хизмат қилади. Бу каби манбалардан бири Шарафиддин Роқимнинг “Тарихи касира” ёки “Тарихи томм” асаридир.

 

Бу асар “Тарихи Роқимий”, “Тарихи Роқим”, “Тарихи Мир Саид Шариф Роқим” номлари билан машҳур бўлган. Лекин “Тарихи Роқимий”, “Тарихи касира”номлари билан кўпроқ танилган. Асарда машҳур шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти, мамлакатда бунёд этилган катта бинолар, тим (усти ёпиқ бозор)лар, мадраса-ю масжидлар, машҳур тарихий шахслар ҳаёти билан боғлиқ тарихий саналарга кенг урғу берилган.

 

“Тарихи томм” муҳим воқеалар тарихини аниқлашда қимматли манба эканини асарнинг қўлёзма ва тошбосма нусхаларининг кўплаб марта қайта-қайта ёзилганидан ҳам англаш мумкин.

 

Шарафиддин Роқимнинг “Тарихи томм” асарида Амир Темур ва темурийлар, шайбонийлар, Аштархонийлар даврида яшаган ҳукмдор ва алломалар, уларнинг ҳаёти ва фаолияти, улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида тарихий фактлар мавжуд.

 

Мулла Шарафиддин Роқим XVII асрнинг иккинчи ярми ва XVIII асрнинг биринчи чорагида ўтган шоир ва тарихчи олимдир. Унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида жуда кам маълумот учрайди. Академик Б.Аҳмедов В.Р.Розен ва А.А.Семёновнинг маълумотларига асосланиб, мулла Шарафиддин Аълам асли андижонлик экани, ёшлигида Самарқандга келгани, отасининг исми Нуриддин бўлиб, халқ орасида охунд мулла Фарҳод номи билан машҳур бўлганини таъкидлаб ўтади.

 

Манбаларда унинг Субҳонқулихон (1681/1702) даври олимларидан экани, тўлиқ исми Мулла Шарафиддин Аълам ибн Нуриддин Охунд ибн Мулла Фарҳод бўлгани қайд этилган. У Самарқанднинг аълам (муҳрдор) ларидан бири мулла Боқижон Бухорийнинг хизматида таҳсил олган ва унинг вафотидан кейин ўзи аъламлик вазифасини эгаллаган. Қози Муҳаммад Бадиъ Самарқандий ўз тазкирасида унинг Роқим тахаллуси билан шеърлар ёзганини таъкидлайди.

 

“Тарихи томм” асарининг нодир қўлёзма нусхаларидан бири тойлоқлик Меҳрожиддин Амоновнинг шахсий кутубхонасида сақланмоқда. Мазкур нусха тўлиқ бўлиб, 310б варақдан иборат. Унинг 1б – 2а варақларида асар номи “Тарихи томм”,  “Тарихи касира”, муаллифи Роқим деб келтирилган. Асарда соҳибқирон Амир Темур таваллуди, Аштархоний ҳукмдорлар Надр Муҳаммадхон ва Абдулазизхоннинг тахтга ўтирган йил ва улар билан боғлиқ воқеалар қизиқарли тарзда, муҳим фактлар билан баён этилган.

 

Қўлёзмани кўчирган хаттот ўз исмини кўрсатмаган. Китобнинг 310б варағида “таҳтиҳал анҳар” асарнинг ёзилган йили экани айтилган. Бунда Абжад (абжад, яъни ҳарфларни сон билан белгилаш орқали топишмоқли жумлалар тузиш санъати) бўйича 1101/1689 йил ҳисоби ҳосил бўлади. Яъни, муаллиф асарни 1689 йилда ёзган бўлиб чиқади.

 

Бой тарихимизни турли ғоя ва мафкурадан соқит қилиб ўрганишда Шарафиддин Аълам Роқимнинг “Тарихи томм” асари муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Асарнинг турли даврларда кўчирилган нусхалари борасидаги изланишлар давом эттирилса, ўйлаймизки, келгусида унинг яна ҳам мукаммал, эҳтимолки, батафсил изоҳли ёки ҳошияли нусхалари ҳам топилади.

Ихтиёр ҚУШШАҚОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

илмий ходими