Тарих ва Ренессанс руҳи жамланган маскан Қозоғистон делегациясини ҳайратга солди
Тарих ва Ренессанс руҳи жамланган маскан Қозоғистон делегациясини ҳайратга солди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази яна бир нуфузли халқаро ташрифга мезбонлик қилди. Қозоғистон Республикаси саноат ва қурилиш вазири Ерсайн Нагаспаев бошчилигидаги делегация Марказ фаолияти ва экспозициялари билан яқиндан танишди.
Марказга ташриф буюрган меҳмонлар, аввало, унинг улкан архитектураси ва мазмунан бой экспозициялари билан танишар экан, бу ерда тарих, илм-фан ва замонавий технологиялар уйғунлашган ҳолда тақдим этилганини алоҳида таъкидладилар. 65 метрли гумбаз остида жамланган бой мерос ҳар бир ташриф буюрувчида чуқур таассурот қолдириши қайд этилди.
Исломдан аввалги давр экспозицияларида эса қадимги цивилизациялар тарихи, илк давлатчилик ва маданий жараёнлар изчил ва замонавий усулларда ёритилгани делегация эътиборини тортди. Айниқса, археологик топилмалар, қадимги турмуш тарзини акс эттирувчи саҳналар ва интерактив хариталар меҳмонларда “ўша даврга саёҳат” ҳиссини уйғотгани қайд этилди.
Биринчи Ренессанс бўлимида илм-фан ва маърифат юксалишига бағишланган экспозициялар делегацияда алоҳида қизиқиш уйғотди. Буюк алломаларнинг илмий мероси, уларнинг кашфиётлари ва жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси ҳақидаги маълумотлар Марказий Осиё илмий мактабининг нақадар юксак даражада бўлганини намоён этгани таъкидланди.
Иккинчи Ренессанс — Темурийлар даврига бағишланган бўлимда эса давлатчилик, илм-фан ва маданият ривожи ўзига хос тарзда ёритилгани меҳмонларни ҳайратга солди. Айниқса, Амир Темур давридаги бунёдкорлик, сарой муҳити ва дипломатик муносабатлар ҳақидаги маълумотлар делегация вакиллари томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди.
“Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори” бўлимида бугунги ислоҳотлар, стратегик ривожланиш йўналишлари ва келажак концепцияси замонавий форматда тақдим этилгани меҳмонларда ижобий таассурот қолдирди. Улар ушбу бўлимни нафақат тарихий давомийлик, балки келажакка йўналтирилган ғоявий майдон сифатида баҳоладилар.
Қозоғистон Республикаси саноат ва қурилиш вазири Ерсайн Нагаспаев ташриф давомида Марказ ҳақида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди:
— Бу марказ нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун муҳим маърифий ва илмий макон экан. Бу ерда тарих жуда чуқур ва замонавий ёндашувлар асосида тақдим этилгани мени катта ҳайратда қолдирди. Экспозицияларда илмийлик, аниқлик ва визуал ечимлар уйғунлашгани алоҳида эътиборга лойиқ.
Ташриф давомида делегация Марказнинг юраги ҳисобланган Қуръони Карим залига ташриф буюрди. Бу ерда VII асрга мансуб ноёб қўлёзма — Усмон мусҳафи, шунингдек, замонавий мэппинг голограмма намойиши меҳмонларда чуқур ҳиссий таъсир қолдирди. Улар бу зални нафақат архитектура жиҳатидан, балки маънавий муҳити билан ҳам алоҳида ўрин тутишини таъкидладилар.
Ташриф якунида делегация Марказда амалга оширилган ишлар юксак даражада ташкил этилганини, ҳар бир экспозиция ортида чуқур илмий ёндашув ва замонавий тақдимот усуллари мужассам эканини қайд этди. Шунингдек, бу маскан нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа ва жаҳон ҳамжамияти учун муҳим маърифий платформа экани алоҳида эътироф этилди.









