Тараққиёт узлуксиз занжир
Тараққиёт узлуксиз занжир

Президентимиз томонидан шу йилнинг 10 ноябрь куни қабул қилинган янги фармон билан ҳам айнан ҳар бир фуқаронинг ҳаётини яхшилаш, соғлиғини асраш ва эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли миллий дастурлар ҳаётга татбиқ этилаётир.
Бугун ҳар бир соҳада кузатилаётган ўзгаришлар ортида чуқур стратегик ёндашув ва эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишонч мужассам. “Инсон қадрини юксалтиришга қаратилган миллий дастурларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда ҳам таълимдан тортиб тиббиётгача, суд-ҳуқуқ тизимидан то маҳалла институтигача бўлган барча соҳалар ўзаро узвий боғлиқ ҳолда қамраб олингани бежиз эмас. Зеро, тараққиёт узлуксиз занжир бўлиб, унинг ҳар бир ҳалқаси мустаҳкам ва равон ишлаши талаб этилади.
Айниқса, таълим соҳасида белгиланган вазифалар мамлакат келажагини белгилаб берувчи энг муҳим пойдевордир. Ҳар қандай давлатнинг куч-қудрати унинг билимли, замонавий фикрлайдиган фарзандлари билан ўлчанади. Шу боис, билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантириш устувор вазифа этиб белгилангани замирида катта маъно бор. Бу борада 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов гуруҳлари билан тўлиқ қамраб олиш, нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш орқали рақобат муҳитини яратиш кўзда тутилган. Шунингдек, барча умумтаълим мактабларини босқичма-босқич халқаро баҳолаш дастурларига олиб чиқиш, камида 10 та олий таълим муассасасини нуфузли халқаро рейтингларнинг ТОП-1000 талигига киритиш ҳамда 10 миллион нафар ёшни рақамли индустрия ва келажак касбларига йўналтириш – буларнинг ҳар бири эртанги кунимизнинг ишончли кафолати.