Тадбиркорларнинг хорижга чиқиш салоҳияти оширилади

Тадбиркорларнинг хорижга чиқиш салоҳияти оширилади

apvapvapvapvapvapvapva.jpg

      Ўзбекистонда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тадбирда 60 дан ортиқ хорижий давлатлар элчилари ва маҳаллий тадбиркорлар иштирок этди.

       Мазкур учрашув Савдо-саноат палатаси ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ташаббуси билан Тошкент шаҳрида илк бор очиқ ва офлайн форматда ташкил этилди. Тадбир тадбиркорлар ва хорижий дипломатик вакиллар ўртасида тўғридан тўғри мулоқотни йўлга қўйишга қаратилди.

      Учрашувнинг асосий мақсади ўзбекистонлик тадбиркорларнинг хорижий бозорларга чиқиш имкониятларини муҳокама қилиш, экспорт ва инвестиция соҳасидаги долзарб масалалар юзасидан бевосита фикр алмашиш, элчилар орқали халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ҳамда аниқ таклиф ва ташаббусларни кўриб чиқишдан иборат бўлди.

      Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ўз нутқида ўзбекистонлик фуқароларни хорижий давлатларда расмий иш билан таъминлаш кўламини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу нафақат бандликни оширади, балки аҳоли турмуш сифати яхшиланишига ҳам хизмат қилади.

      Мулоқот давомида тадбиркорлар ўз лойиҳалари, экспорт режалари ҳамда инвестицияга оид масалалар бўйича саволларини бевосита хорижий элчиларга тақдим этиш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, элчиларга ўзбекистонлик тадбиркорлар, аҳоли ва ёшларнинг хорижда ишлаш, ўқиш ва фаолият юритиш жараёнларида яқиндан кўмаклашиш вазифалари юклатилди.

      Мазкур очиқ мулоқот мамлакат иқтисодиёти ривожига, янги иш ўринлари яратилишига ҳамда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.