Сув билан барпо этилган цивилизация: Хоразмнинг қадимий инженерлик мўъжизаси
Сув билан барпо этилган цивилизация: Хоразмнинг қадимий инженерлик мўъжизаси
Хоразм — сув билан ҳаёт барпо этилган қадимий цивилизация. Милоддан аввалги даврлардаёқ бу ҳудудда сувни бошқаришнинг мукаммал тизими яратилган бўлиб, у деҳқончилик ва боғдорчилик тараққиётига хизмат қилган. Қадимий чиғирлар, ариқлар ва сув маятниклари Хоразм халқи инженерлик тафаккурининг юксак намунасидир.
Хоразм тарихи боғдорчилик ва суғориш маданияти билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, бу ҳудуд Марказий Осиёдаги энг қадимий ва ривожланган аграр цивилизациялардан бири сифатида алоҳида ўрин тутади. Археологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, милоддан аввалги I минг йилликдаёқ Хоразмда сувни бошқариш ва суғоришнинг мураккаб тизими шаклланган бўлиб, у деҳқончилик тараққиётининг асосий омилларидан бирига айланган.
Қадимги Хоразм аҳолиси Амударё сувидан самарали фойдаланиш мақсадида қудуқлар, ариқлар, каналлар ва махсус инженерлик иншоотларини барпо этган. Бу тизимлар нафақат ҳосилдорликни ошириш, балки аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этган.
Амударё сувини баланд жойлардан паст ҳудудларга йўналтириш учун қадимдан чиғир, нор, ариқ ва каналлар тизими қурилган. Табиий рельеф ва сув оқимининг хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда барпо этилган ушбу иншоотлар сувдан оқилона фойдаланиш имконини берган. Бугунги кунгача сақланиб қолган бу инженерлик ёдгорликлари Хоразм деҳқончилигидаги юксак маҳорат ва фидойиликни намоён этади.

Чиғир — қадимий механик сув чиқарувчи қурилма
Хоразм сув таъминоти тизимида чиғир алоҳида ўрин тутади. Бу механик қурилма сувни паст жойдан юқорига чиқариш учун мўлжалланган бўлиб, асосан инсон ёки ҳайвон (от, эшак, туя) кучи орқали ҳаракатга келтирилган.
Чиғирдаги айланма ғилдирак ва чормағ тизими сувни челак ёки кўзалар занжири орқали юқорига кўтаришни таъминлаган. Ўқ ва ғилдирак механизмлари айланма ҳаракатни ҳосил қилиб, суғориш тизимининг самарадорлигини оширган. Бу қурилма орқали сув каналлар ва чоҳлар орқали далаларга етказилган.
Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти директори Абдувоҳид Ўрозкелдиевнинг таъкидлашича, қадимий Хоразм ҳудудидаги суғориш тизимларини ўрганиш бўйича тарихчи олимлар билан ҳамкорликда кенг кўламли тадқиқотлар олиб борилган.
“Илк суғориш усуллари ва Амударёдан сув олиш тартиби ҳақида маълумотлар тўплаб, олимларимиз билан бирга чиғирнинг макетини яратдик. Бу макет орқали Хоразмдаги қадимий суғориш маданиятини ёш авлодга кўрсатиш мумкин. Бундай тадқиқотлар нафақат тарихий билимни бойитади, балки сув хўжалиги соҳасининг мамлакат ҳаётидаги аҳамиятини англатишда ҳам муҳимдир. Энг муҳими, бу ишлар ёшларда ўз тарихига бўлган ҳурматни янада мустаҳкамлайди”, — дейди у.
Чиғир нафақат Хоразмда, балки Бухоро, Фарғона ва бошқа воҳаларда ҳам кенг қўлланилган. Ушбу қурилмалар деҳқончилик далаларида сув тақсимотини енгиллаштириб, ҳосилдорликни оширишда муҳим роль ўйнаган. Улар қадимий инженерлик тафаккури ва сувни самарали бошқаришнинг ёрқин намунаси ҳисобланади.
Суғорма деҳқончилик ва сув маятниги
Хоразмда сувдан самарали фойдаланиш жараёни қўл маятниги ёки сув маятниги каби оддий, аммо самарали қурилмаларнинг яратилишига ҳам олиб келган. Бу иншоотлар асосан кичик ер участкалари ва боғларда қўлланилган.
Сув маятниги қўл билан ҳаракатга келтириладиган чарх ёки тирговучли совутча ёрдамида сувни юқорига кўтаришга хизмат қилган. Қурилманинг ишлаш принципи мувозанат ва айланма ҳаракатга асосланган бўлиб, инсон меҳнати орқали сувни самарали етказиш имконини берган.
Қадимги Хоразм цивилизацияси сув хўжалиги ва деҳқончилик соҳасида юксак инженерлик ва маданий ютуқларга эришган. Чиғирлар ва сув маятниклари орқали шаклланган ушбу тизим Марказий Осиё қишлоқ хўжалиги маданияти тарихида муҳим аҳамият касб этган бой мерос сифатида баҳоланади.
Дурдона Расулова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин




