Шошлик муҳаддислар
Шошлик муҳаддислар

Имом Шоший номи билан танилган юртдошимиз Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший ҳадис илмига ҳисса қўшган олимлардан ҳисобланади. Унинг номи жуда кўп араб манбаларида ишончли муҳаддис сифатида эътироф этилади.
Унинг тўлиқ исми – Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб ибн Сурайж (баъзи манбаларда Шурайҳ деб келтирилган) ибн Маъқил Шоший Бинкасий Туркий Маъқилий Адиб бўлиб, унинг туғилган йили манбаларда аниқ кўрсатилмаган. Аммо муҳаддиснинг вафот этган йили ҳижрий 335 (мил. 947) деб аниқ кўрсатилган.
Маълумки, ҳижрий учинчи (мил. IX) асрда Мовароуннаҳр ва Хуросонда ҳадис илми ўзининг энг юксак чўққисига кўтарилган. Ушбу давр барча манбаларда ҳадис илмининг олтин даври сифатида эътироф этилади.
Ҳайсам ибн Кулайб Шоший айнан мана шу олтин даврда фаолият кўрсатди. Манбаларда келтирилишича, Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший илм-маърифат ўрганиш мақсадида Бухоро, Самарқанд, Насаф ва Термиз каби шаҳарларда бўлиб, таниқли муҳаддислардан сабоқ олган. У ўз илмини янада бойитиш мақсадида хорижий юртларга ҳам сафар қилган. Жумладан, Балх шаҳрида Закариё ибн Яҳё ибн Асад Марвазий, Исо ибн Аҳмад Асқалоний, Бағдодда Аббос ибн Муҳаммад Дурий, Яҳё ибн Жаъфар Забарқон ва бошқалардан ҳадис илмини ўрганган.
Машҳур араб тарихчиси Шамсуддин Заҳабий (1274-1348)нинг таъкидлашича, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший Исо ибн Асқалоний, буюк муҳаддис Абу Исо Муҳаммад Термизий[8], Закариё ибн Марвазий, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Убайдуллоҳ ибн Мунодий, Ҳамдон ибн Али Варроқ, Аҳмад ибн Мулоъиб, Муҳаммад ибн Исо Мадоъиний, Абу Бухтарий, ибн Шокир, Али ибн Саҳл, Иброҳим ибн Абдуллоҳ Қассор, Яҳё Абу Толиб, Аббос ибн Муҳаммад Дурий, Муҳаммад ибн Исҳоқ Соғаний ва бошқалардан ҳадис эшитган ҳамда ўрганган.

Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг илм бобида етукликка етишишига оиладаги маърифат ўчоғи муҳим аҳамият касб этди. Маълумки, муҳаддис яшаб ўтган аср ҳадис илми шаклланишидаги олтин давр бўлиши билан бир қаторда, олтита буюк муҳаддис, шунингдек, Абу Ҳотам Розий, Аббос ибн Муҳаммад Дурий, Солиҳ Жазра, Абу Яъло Мавсалий, Ибн Жаруд ва бошқа муҳаддислар пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳадиси шарифларини тўплаб ва уни муҳофаза қилишда ўзларининг кучларини аямадилар.
Ҳайсам ибн Кулайб Шоший яшаган даврда Самарқанд, Бухоро ва Термиз илм-маърифат ўчоғи сифатида юксак даражадаги илмий муҳити ҳамда олимлари билан донғи кетган эди. Имом Шоший илм олишни илк болалик чоғлариданоқ бошлаган. Бирор нарсани истеъфода этиш ниятида у киши олимларнинг турли мавзудаги илмий мажлисларида қатнашарди. Шунингдек, Исо ибн Аҳмад Асқалонийдан ҳадис илмини ўрганиб, кун сайин уни бойитиб борар эди. Асқалоний Имом Ҳайсам ибн Кулайб Шоший вафотидан 67 йил олдин, 268 йили вафот этади. Кулайб Шоший ҳадис илми билан шуғулланишда давом этди.
Йирик тарихчи Шамсуддин Заҳабий ўзининг «Сийар аълом ан-нубало» («Олижаноб алломалар сийратлари») асарида «Ҳайсам ибн Кулайб Шоший мовароуннаҳрлик таниқли ва ишончли муҳаддис, сайёҳ (у жуда кўп шаҳарларни кезган), ҳофиз (ўша даврда йигирма минг ҳадис ёдлаган киши «ҳофиз» номи ила улуғланган), адиб бўлган», деб ёзган.

Машҳур библиограф Ёқут Ҳамавий(1179-1229) нинг хабар беришича, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший имом, ҳофиз, сайёҳ, муҳаддис ва адиб бўлган. Адаб илмини Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муслим ибн Қутайбадан Бағдодда таҳсил олган.
Баъзи манбаларда Имом Шошийнинг адиб деб таърифланишидан у адабиётга оид асарлар ҳам яратган бўлиши керак.




