Сеул миллий университети профессори: “Ўзбекистон — цивилизация бешикларидан бири”
Сеул миллий университети профессори: “Ўзбекистон — цивилизация бешикларидан бири”
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрган кореялик профессорлар ва шифокорлар буюк табиб Ибн Сино мероси ҳамда Марказий Осиё цивилизациясининг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси билан яқиндан танишдилар.
Ташриф давомида меҳмонларга Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Марказ фаолияти, экспозиция концепцияси ҳамда бу ерда намойиш этилаётган ноёб тарихий манбалар ҳақида маълумот берилди. Делегация аъзолари исломдан аввалги даврга оид маданий мерос намуналарини катта қизиқиш билан кўздан кечирдилар.
Айниқса, қадимий шахмат доналари экспозицияси меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Мазкур экспозиция орқали Марказий Осиё ҳудудида ақл-заковат ўйинлари ва стратегик фикрлаш маданиятининг илдизлари нечоғлик чуқур эканлиги намоён этилгани қайд этилди.
Шунингдек, Марказнинг Биринчи Ренессанс даврига бағишланган бўлими кореялик тиббиёт мутахассисларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Хусусан, буюк табиб ва мутафаккир Ибн Синонинг тиббиёт соҳасидаги улкан илмий мероси делегация аъзоларида чуқур таассурот қолдирди. Унинг машҳур “Тиб қонунлари” асари асрлар давомида жаҳон тиббиёти тараққиётига таъсир кўрсатгани, замонавий тиббиёт тамойилларининг шаклланишида муҳим ўрин тутгани алоҳида таъкидланди.
Сеул миллий университети Бунданг шифохонасининг собиқ президенти ва бош ижрочи директори (CEO), Осиё торакал ва кардиожарроҳлар жамияти президенти, профессор Сангхун Жеон ташриф ҳақида фикр билдириб, Марказда тақдим этилган мерос уни чуқур ҳайратга солганини таъкидлади.
— Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриш мен учун катта шараф бўлди. Қадимий Ўзбекистон тарихи инсоният цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссани бевосита кўриш имконига эга бўлганимдан ниҳоятда мамнунман. Бу ерга келиб, кўплаб цивилизациялар айнан бугунги Ўзбекистон ҳудудидан бошланганини яна бир бор англадим. Бу замин азалдан илм-фан ва тафаккур маркази бўлиб хизмат қилган, — деди у.
Профессорнинг таъкидлашича, Ибн Синонинг тиббиёт соҳасидаги илмий мероси бугунги кунгача ўз аҳамиятини йўқотмаган. Унинг фикрича, бундай бой илмий меросни бир масканда кўриш ҳар бир тиббиёт вакили учун катта аҳамиятга эга.
— Марказнинг кириш қисмида яратилган “Шон-шараф” экспозициясида намойиш этилган 14 нафар аллома тасвири менда алоҳида таассурот уйғотди. Бу экспозиция Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудуди инсоният цивилизациясига қандай беқиёс ҳисса қўшганини концептуал тарзда кўрсатиб беради. Бу ерда тарих нафақат намойиш этилади, балки унинг бугунги ва келажак тараққиёти билан узвий боғлиқлиги ҳам ёрқин очиб берилган, — дея қўшимча қилди профессор.
Унинг сўзларига кўра, Марказнинг расмий очилиши арафасида бу ерга ташриф буюриш имконига эга бўлгани катта фахр ҳисобланади. Шунингдек, у келгусида оиласи ва ҳамкасблари билан яна ташриф буюриш истагини билдирди.
— Агар марказни уч сўз билан таърифлашим керак бўлса, мен “ҳайратланарли, ҳайратланарли ва фахрли” деб айтган бўлардим. Бу ерда намойиш этилган мерос нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳон цивилизацияси тарихида фахр билан тилга олинадиган бебаҳо бойликдир, — деди Сангхун Жеон.
Кореялик профессорлар таъкидлашича, Марказда тарихий мероснинг замонавий технологиялар орқали тақдим этилиши илм-фан ва тиббиёт ривожининг узвийлигини яққол намоён этади. Улар Ислом цивилизацияси марказини нафақат маданий, балки илмий мулоқот ва халқаро ҳамкорлик учун муҳим платформа сифатида баҳоладилар.
Ташриф якунида делегация аъзолари мазкур масканда жамланган бой тарихий ва илмий мерос замонавий фан соҳалари, жумладан спорт тиббиёти учун ҳам илҳом манбаи бўлиши мумкинлигини таъкидладилар.
.jpg)







