Сергелининг бугунги манзараси
Сергелининг бугунги манзараси

Президентнинг Сергели туманига ташрифи ва у ерда берилган кўрсатмалари ислоҳотлар жараённи янада тезлаштирмоқда.
Сергели яқин-яқингача пойтахтинг худди “ўгай фарзанди”дек эди дейди ҳайдовчи. Суҳбатдошимиз тўққиз-ўн йил олдинги ҳолатни эслайди. Бир пайтлар шу томонларга йўловчи чиқса, боришга оғринганларини айтади. Қандайдир қоронғу, овлоқ жойлар эдида дейди. Бу гапларда жон бор, аслида.
Аммо бугун Сергели кўчаларидан ўтсангиз, ўзингизни гўё бошқа бир шаҳарда юргандек ҳис қиласиз. Ҳозир Сергели пойтахтнинг энг жўшқин, замонавий ва яшаш учун қулай ҳудудларидан бирига айланди. Бу ўзгаришларнинг кўлами шунчалик каттаки, унга қараб туриб, қисқа вақт ичида қанчалик улкан ишлар қилинганини англайсиз.
Бу шунчаки айтиб қўйиладиган гап эмас. Бу шу ҳудудда яшаётган, шу томонларга йўли тушаётган меҳмонларнинг фикри. Фикр аниқ рақамлар билан асосланганда, янада чиройли чиқади.
Сўнгги ўн йил ичида бу ерда 30 минг хонадонли янги уйлар қурилди. Умумий майдони 2 миллион квадрат метр бўлган саноат, савдо ва сервис объектлари ишга туширилди. Туман ҳудуди Тошкент вилоятининг 13 та маҳалласи ҳисобига 1 минг 800 гектарга кенгайиб, жами 5,6 минг гектарга етди.
Одамларга қулайлик яратиш учун 9 километрлик йўл ва 8 та станциядан иборат янги метро линияси қурилди. Мактаблардаги ўринлар сони эса 25 мингдан 38,5 мингга, боғчалардагиси 7,5 мингдан 15,5 мингга етказилди. Ҳатто тиббиёт ҳам янги босқичга чиқди. 50 та давлат ва хусусий клиника иш бошлади. Тадбиркорлар сони эса 2,5 мингтадан 6 минг 200 тага ошгани туманда пул айланиши ва иш ўрни кўпайганининг энг яққол исботи бўлди.