Сенат мажлиси

Сенат мажлиси

 

risunok2rer456456456ukekueukeukecuke4235345345.jpg

 

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Унда Сенат аъзолари, Ҳукумат вакиллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ялпи мажлисни Сенат Раиси Танзила Норбоева кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсон қадрини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва ҳар бир оила учун муносиб яшаш шароитларини яратишдан иборат эканини таъкидлади.

Мажлисда қайд этилганидек, сўнгги йилларда олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртимизда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 4 фоизгача камайди. Бу натижа аҳолига шунчаки моддий ёрдам кўрсатиш билан эмас, балки маҳалла, кўча ва хонадонбай тизимли ёндашув асосида қўлга киритилди. Жумладан, йил бошига нисбатан эҳтиёжманд аҳоли сони 2,2 миллиондан 1,5 миллион нафарга қисқариб, 49 та туман ва қарийб 3,5 минг маҳалла камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айланди.

Ялпи мажлисда бир қатор муҳим қонунлар муҳокама марказида бўлди. Жумладан, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси маъқулланди.

Шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтирувчи, товарлар сифатини текшириш тартибларини аниқлаштирувчи ҳужжат кўриб чиқилди. Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган қонун билан эса ноқонуний тоннеллар ва шу каби инфратузилма объектларини қуриш, улардан фойдаланиш ёки бундай фаолиятни молиялаштирганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Мажлисда Миллий гвардия фаолиятига оид қонунга ўзгартиришлар киритилиб, жамоат хавфсизлиги ва тартибини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши қайд этилди. Бундан ташқари, низосиз талабларни нотариус орқали расмийлаштиришни соддалаштириш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда юбориш имкониятларини кенгайтириш ҳамда мамлакатимизнинг халқаро фуқаро авиацияси соҳасидаги иштирокини фаоллаштиришга қаратилган қатор қонунлар маъқулланди.