Саудия Арабистони Ўзбекистонни Ислом цивилизациясининг "бешикларидан" бири деб билади
Саудия Арабистони Ўзбекистонни Ислом цивилизациясининг "бешикларидан" бири деб билади
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида Қирол Файсал Ислом тадқиқотлари маркази (Саудия Арабистони) Бош директори Сауд Солиҳ Ал-Сархан билан учрашув бўлиб ўтди.
Қирол Файсал Ислом тадқиқотлари маркази 1983 йилда Риёдда ташкил этилган. Марказ Ислом цивилизацияси асосларини ўрганиш, илмий тадқиқот ва маданий тадбирлар ўтказиш, қўлёзмаларни тиклаш ва реставрация қилиш ишларини олиб бориш, шунингдек, Ислом, араб тили ва ижтимоий фанларни ўрганишга ихтисослашган олимларни тайёрлаш билан шуғулланади.
Учрашув Ўзбекистон ва Саудия Арабистони эксперт жамоалари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашиш имконини берди.
Институт директори Элдор Арипов хорижлик меҳмонларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг янги босқичи, мамлакатнинг диний сиёсатидаги туб ўзгаришлар ва хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга мўлжалланган халқаро майдонда илгари сурилган ташаббуслар ҳақида батафсил маълумот берди.
Меҳмонлар, айниқса, Ўзбекистон Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида жорий йилнинг май ойида Тошкентда "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро муштараклик. Таҳдидлар ва имкониятлар" халқаро конференциясини ўтказиш таклифига катта қизиқиш билдиришди.
"Қирол Файсал" маркази Бош директори Ўзбекистоннинг Ислом дунёсидаги роли тобора ортиб бораётганига эътибор қаратди. Манбага кўра, Саудия Арабистони Ўзбекистонни Ислом цивилизациясининг "бешикларидан" бири деб билади. Шу нуқтаи назардан у Ўзбекистонда амалга оширилаётган диний сиёсатга юқори баҳо берилди.




