“Шарқ мақомотининг янги тенденциялари: анъана ва инновациялар уйғунлиги”
“Шарқ мақомотининг янги тенденциялари: анъана ва инновациялар уйғунлиги”

Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да учинчи халқаро мақом санъати фестивали доирасида “Шарқ мақомотининг янги тенденциялари: анъана ва инновациялар уйғунлиги” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли анжуман шарқона мақом анъаналарини замонавий илмий ёндашувлар асосида ўрганиш, мақом, муғом, мақам, дастгоҳ ва муқом сингари турдош мусиқа тизимларининг тарихи, назарияси ҳамда ижрочилик анъаналарини таҳлил қилиш, мақом санъатида анъана ва инновациялар уйғунлигини муҳокама қилишга бағишланди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда мақом санъати нуфузини миллий ва халқаро миқёсда янги босқичга кўтариш маданият соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Мақом ижрочилиги асносида унинг назарий, тарихий ва фалсафий асослари ҳам чуқур ўрганилмоқда.
Ушбу нуфузли анжуманда дунёнинг олтмишга яқин давлатларидан юзга яқин таниқли санъатшунос ва мақомшунос олимлар, педагоглар, ижрочилар ва ёш тадқиқотчилар қатнашиб, шарқона мақомнинг бугунги ривожланиш жараёнлари, илмий-назарий масалалари, таълим тизимидаги ўрни ҳамда анъана ва инновациялар уйғунлигини муҳокама қилишди. Шунингдек, мақомнинг кўп асрлик тарихи, унинг замонавий тенденциялари ҳамда келажак тараққиёт истиқболлари юзасидан фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди.