Шарқ илми, Ғарб нигоҳи: Грузия вазири ўринбосари ислом цивилизацияси марказини цивилизацияларни яқинлаштирувчи маскан деб баҳолади

Шарқ илми, Ғарб нигоҳи: Грузия вазири ўринбосари ислом цивилизацияси марказини цивилизацияларни яқинлаштирувчи маскан деб баҳолади

Грузия таълим, фан ва ёшлар ишлари вазири ўринбосари Бая Квитсиани Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказини Шарқ ва Ғарб ўртасидаги маданий мулоқотни ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим лойиҳа сифатида баҳолади. Унинг фикрича, тарихий меросни замонавий технологиялар ёрдамида намойиш этиш ислом цивилизациясининг илм-фан ва маданият тараққиётига қўшган ҳиссасини кенгроқ англашга, турли халқлар ўртасидаги ўзаро тушунишни мустаҳкамлашга ёрдам бериши мумкин.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрган Грузия таълим, фан ва ёшлар ишлари вазири ўринбосари Бая Квитсиани мажмуа экспозициялари, тарихий ёдгорликлар ва замонавий музей ечимлари билан танишди.

Грузиялик расмий Марказни тарихий меросни асраб-авайлаш, уни замонавий технологиялар орқали қайта талқин қилиш ва инсоният цивилизацияси тараққиётидаги аҳамиятини очиб беришга қаратилган йирик лойиҳалардан бири сифатида баҳолади.
Унинг таъкидлашича, Марказдаги экспозициялар ислом цивилизациясининг тарихи билан бир қаторда, мазкур цивилизация доирасида шаклланган илмий тафаккур, кашфиётлар ва маданий ютуқларни ҳам намоён этади.

Бая Квитсианига энг кучли таассурот қолдирган экспозициялардан бири Мирзо Улуғбек расадхонасининг тарихий қиёфасини қайта яратишга бағишланган бўлим бўлди.

«Бу ерга ташриф буюриш Ислом дини ва унинг тарихи ҳақидаги тасаввурларимни янада кенгайтирди. Мен учун бу жуда қизиқарли, ўзига жалб этувчи ва унутилмас тажриба бўлди. Бугун олган таассуротларимни бутун умрим давомида ёдимда сақлайман, деб ўйлайман.

Айниқса, Мирзо Улуғбек расадхонасининг тарихий қиёфаси қайта тиклангани мени ҳайратда қолдирди. Мен Самарқанддаги расадхонада бўлганман. У ерда унинг фақат бир қисмини кўриш мумкин эди. Бу ерда эса расадхонанинг аслида қандай кўринишда бўлганини тасаввур қилиш имкони яратилган. Бу менга жуда кучли таассурот қолдирди.

Исломнинг илк олтин асрига бағишланган бўлимдаги тарихий ашёлар ҳам эътиборимни тортди. Менимча, бундай масканларни барпо этиш, айниқса, Ўзбекистон, унинг маданияти ва Ислом дини тарихи ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмаган Ғарб мамлакатлари вакиллари учун жуда муҳим. Динлар билан боғлиқ турли сиёсий жараёнлар кечаётган бугунги даврда бундай марказнинг аҳамияти янада ортиб боради.

Бу ерда нафақат тарих ҳақида маълумот бериш, балки илм-фан ва тараққиётни намоён этиш, Исломнинг асл моҳиятини ҳамда унинг ортида турган бой тарихни дунёга кўрсатиш имконияти мавжуд. Бу кўплаб инсонларнинг қарашларини ўзгартириши, янги муносабатларни шакллантириши ва дунёнинг турли қисмларини ўзаро боғлаши мумкин.

Шу маънода, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази турли халқлар ва миллатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, Шарқ ва Ғарбни бир-бирига яқинлаштириш йўлидаги муҳим қадамдир», — деди Бая Квитсиани.