Сардобада қайтадан қурилаётган масжидларга тамал тоши қўйилди
Сардобада қайтадан қурилаётган масжидларга тамал тоши қўйилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Сирдарё вилояти Сардоба туманида жойлашган Алишер Навоий ва Юсуф жоме масжидларини қайтадан қуриш ишларини бошлаш маросимида иштирок этдилар.
Ушбу жоме масжидлар сув омборида юзага келган фавқулодда ҳолат натижасида катта зарар кўрган эди. Орадан кўп ўтмасдан ҳудуддаги масжидларни “Вақф” хайрия фонди томонидан қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.
.Алишер Навоий масжидини қайта қуриш учун туман ҳокимияти томонидан янги ер майдони ажратилди. Ушбу ҳудуд аҳоли учун қулайлиги, автотураргоҳ учун алоҳида жой мавжудлиги билан маҳаллий аҳолини хурсанд қилди.
Шу куни мутасаддилар Сардоба туманида жойлашган Юсуф масжидида ҳам бўлиб, бу ерда олиб борилаётган қурилиш таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишдилар.
Шундан сўнг муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари масжидларнинг тамал тошини қўйиб бериб, уларнинг қурилишига оқ фотиҳа бердилар. Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги бир гуруҳ дин пешволари масжид қурилишига моддий ва маънавий ёрдам бераётган барча-барчасининг ҳақига дуолар қилдилар.
Бундай эзгу ишларга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишмоқда.




