Сардоба – саҳро марвариди
Сардоба – саҳро марвариди

Буюк ипак йўли – Марказий Осиё орқали ўтган ва бу савдо йўлининг аксарият қисми бепоён чўлу саҳроларга тўғри келарди.
Ер ости сувларининг шўрлиги, қудуқларнинг кўмилиб кетиши ва қуриб қолиши натижасида йўловчиларни сув танқислиги муаммоси доимий қийнаб келган. Айниқса, жазирама ёз ойларида сувга эҳтиёж жуда катта. Бу ҳол кишиларни чўллардаги қор ва ёмғирнинг чучук сувларидан фойдаланишга мажбур этган. Сувдан самарали фойдаланишга интилиш аждодларимизни сардобага ўхшаш иншоотларни барпо этишга ундаган. Сардобалардаги сувни ифлосланишдан сақлаш учун атрофи девор билан ўралган. Сувнинг ерга сингишини камайтириш чоралари кўрилган. Сув буғланишини камайтириш мақсадида бундай ҳовузларнинг усти ёпилган. Сардоба қурувчиларининг топқирлигига, тадбиркорлигига ҳар қанча қойил қолса арзийди.
Сардоба сўзи форс тилидан олинган бўлиб, сард (совуқ) ва об (сув) сўзларининг қўшилишидан ясалган. Бу номнинг ўзиёқ мазкур иншоот сувни сақлаш учун хизмат қилганлигини англатиб турибди.
Манбаларга кўра, ўрта асрларда Мовароуннаҳрда 44 та сардоба бўлиб, улардан 29 таси Қарши чўлларида бунёд этилган. Асосан чўл ҳудудларида қад ростлаган сардобалар унинг бунёдкорлари нафақат меъморий услуб, балки табиий ўзгаришлар, кимёвий-физик қонуниятлардан, жўғрофий илмлардан яхши хабардор бўлганлари ва бу ишларни пухта ўзлаштирганларидан далолат беради.

XVI асрнинг иккинчи ярмида Абдуллахон II томонидан кўплаб сардобалар қурилган. Улар ичида Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги Қоровулбозор ва Бўзачи сардобалари замон ва макон ичида рўй берган воқеа ва ҳодисалар, табиат ўзгаришларига қарамай бизгача етиб келган. Мазкур тарихий иншоот ҳали-ҳамон қад ростлаб қадим тарихимиздан сўйлаб турувчи тили-забонсиз ҳақиқатдир.
Қоровулбозор сардобаси шаҳар марказига кираверишда жойлашган. Унинг учта дарвозаси бўлиб, ҳовузининг диаметри 16 метрдан кўпроқни ташкил этади. Гумбазининг баландлиги эса 6,5 метрга тенг. Сардоба деворларининг қалинлиги 1,5 метргача қилиб терилган.
Сардоба дарвозаларидан ташқари, сув тушиши учун мўлжалланган махсус тешиклар ва тепасида туйнуклар мавжуд. Иншоот пишиқ ғишт билан ганч қоришмасидан қурилган. Ғиштлар устидан саксовулдан тайёрланган кўмир қатлами тўшалиб, унинг устидан 3 қават туя жунидан тайёрланган кигиз, сўнг пардозланган 3 қават мол териси ёпилиб, унинг устидан ғишт терилган ва ганч билан сувалган. Бу ҳол бир неча бор такрорланган. Бунда саксовул сувни тузлардан тозалашда фильтр вазифасини бажарган бўлса, ганч, пишиқ ғишт ва мол териси сувнинг ерга ортиқча шимилиб кетишини ҳимоя қилган.
Вилоят маданий мерос бошқармасининг хабарига кўра, Давлат муҳофазасига олинган Қоровулбозор сардобасида 2018-2019 йилларда республика бюджет маблағлари ҳисобидан асрашга доир консервация, реставрация ва ободонлаштириш ишлари олиб борилган. Юртимиз ва хорижий сайёҳлар ташриф буюриши учун барча шароитлар яратилган. Бўзачи сардобаси Қоровулбозор сардобасидан анча кичик. Улар орасидаги масофа 17 километрни ташкил этади. Тузилиши жиҳатидан анча ихчам бўлган бу иншоотнинг учта дераза ва кириш жойи мавжуд. Диаметри 13 метрга тенг. Бўзачи сардобасида 2022 йилда консервация ва реставрация ишларини олиб бориш режалаштирилган.
Бу ноёб ва нодир ёдгорликларни асраб-авайлаш, уларни келгуси авлодларга беками кўст етказиш ҳам фарз, ҳам қарз ҳисобланади.

Зариф Комилов, ЎзА




