Сангардак шаршараси: зилол сувли хушҳаво маскан
Сангардак шаршараси: зилол сувли хушҳаво маскан

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани марказидан қарийб 52 км узоқликдаги сўлим гўша денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда тоғлар орасидаги Сангардак қишлоғи яқинида жойлашган.
Шаршара ер сатҳидан 120 метр баландликдан, тоғ қоясидан отилиб тушади, унинг суви ёз фаслларида кўпаяди, куздан бошлаб камая бошлайди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, унинг зилол суви тоғлардаги музликларнинг эришидан оқиб келади.
Шаршара табиатнинг фусункор мўъжизасидир. Атрофдаги қояларга урилиб юксакликдан оқадиган шаршара кўзни қувонтиради. Мисли камалакдек товланиб, сачраётган зилол сув баҳри дилингизни очиб, хуш кайфият бағишлайди. Унинг суви совуқ бўлсада, саломатликка зиён қилмайди, аксинча, вужудни тетиклаштиради. Шаршаранинг товуши асабни тинчлантириб, юракка қувват беради.
Шаршарадан ўйноқлаб тушаётган сув жозибасига қишин-ёзин кўрк бағишлаб турувчи сунбула ўтлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Табиатнинг бу гўзал туҳфаси қиш фаслида ҳам шаршарага ўзгача ҳусн бағишлаб туради. Суви музлаб, биллур шодалари сингари баҳайбат сумалак ҳосил қиладиган шаршара бағридаги сунбула ўтлари шунчаки ўсмайди.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, қадимда гўзалликда тенги йўқ бир ҳурлиқо севгисига эришолмагач, тоғ шаршараси «унгури», яъни бағрига кириб ғойиб бўлган. Унинг майда ўрилган сочлари ўрнидан сунбула ўсиб чиқади. Ҳозиргача бу сунбула ўтлар шаршара бағрида девор бўлиб ўсиб турганига гувоҳ бўлиш мумкин. Унинг баргидаги маржон томчилар ўша сулув қизнинг кўз ёшлари эмиш.Ажиб табиат, салқин шабада бу ерни одамларнинг севимли зиёрат масканига айлантирган. Зилол сувдан татиб кўриш ва офтоб деярли тушмайдиган хушҳаво шаршара манзарасини кўриш учун одамлар оқиб келишади.
Яқинда шаршара ҳудуди янада ободонлаштирилди. Бу ерга ташриф буюрувчилар учун қулай шароитлар яратилди. Қизилсув дарёси соҳили хавфсиз ҳолатга келтирилди.





