Самарқандда “Ипак йўли” давлат музейи ташкил этилади
Самарқандда “Ипак йўли” давлат музейи ташкил этилади

Бу Президентимизнинг шу йил 21 апрель куни қабул қилинган қарорида белгиланган. 16 апрель куни давлатимиз раҳбари маданият ва туризм соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва янги лойиҳалар тақдимоти билан танишуви чоғида Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” музейини барпо этиш режасини кўриб чиққан эди. Тақдим этилган лойиҳага кўра, ушбу музей шаҳарнинг тарихий Кўксарой майдони ҳудудида барпо этилади ва унинг экспозицияси археология, тасвирий санъат, амалий санъат материалларини қамраб олган 6 мингдан зиёд ноёб экспонатларни бирлаштиради.
Қарорда Самарқанд шаҳри Кўксарой майдони 2-уй манзилида жойлашган Самарқанд вилояти ҳокимлигининг автохўжалиги биноси ҳамда унга туташ бўлган ҳудуд билан биргаликда жами 9 гектар ер участкаси музей биносини қуриш учун Маданий мерос агентлигига давлат мулки сифатида оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул берилиши белгиланган. Шунингдек, “Ипак йўли” давлат музейини ташкил этиш бўйича 2026-2028 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Мазкур дастурга кўра, 2026-2028 йилларда қурилиш, малакали хорижий ва маҳаллий мутахассисларни жалб этган ҳолда, музейнинг илмий концепцияси ва тематик-экспозицион режасини ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилади. Муассаса 2029 йилдан фаолият бошлаши назарда тутилган.