Саид оталиқ мадрасаси қайта тикланади
Саид оталиқ мадрасаси қайта тикланади

Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида асрлар давомида маьрифат маскани сифатида хизмат қилиб келган Саид оталиқ мадрасаси XVI асрда Хўжа Алоуддин Атторга атаб бунёд этилган. Ул зот халқ орасида Шайх Аттори Валий номи билан машҳур бўлган. Алоуддин Аттор Баҳоуддин Нақшбандийнинг куёви бўлиб, тариқат таълимотини кенг ёйиш учун Деновга кўчиб келган.
Мадраса у зотнинг ўғиллари ва неваралари томонидан 26 йил давомида қурилган. Манбаларда айтилишича, Ҳазрат Хожа Алоуддин Аттор нақшбандия тариқатининг улуғ пири, авлиё, “Силсилаи шариф” дa ўн еттинчи ҳалқадаги муршид, аллома бўлган. Асл исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Бухорий бўлиб, “Аттор” дейилишларига сабаб ул зоти шарифдан ҳамиша хушбуй ҳид анқиб турган.
Ҳазрат Баҳоуддин вафот этгач, Ҳазрат Алоуддин Аттор ўз замондошларига таълим берган. Ул зот илми, одоби, тарбияси, хулқи билан устозининг дуосига сазовор бўлган. Тасаввуф илмини кенг ёйиш учун оиласи билан Сурхондарёга келиб, Денов шаҳридаги бир хонақоҳда муридларига таълим-тарбия берган. Ҳазрат милодий 1400-йилда вафот этган. Ўзига хос лойиҳа асосида бунёд этилган мадраса илм-маьрифат маскани сифатида донг таратган. Аслида муаззам масканнинг қайта реконструкция қилиниши ҳам кейинги йилларда мамлакатимизда муқаддас қадамжолар ва тарихий обидаларни қайта тиклаб, зиёрат туризмини ривожлантиришга, юртимизда яшаб ўтган буюк алломаларни дунёга кенг тарннум этишга қаратилаётган юксак эьтибор самарасидир.
Икки қаватли муқаддас иншоот қайта реконструкция қилингач, маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг энг севимли масканларидан бирига айланади.




