Рақамли таълим орқали ёшлар учун имкониятлар

Рақамли таълим орқали ёшлар учун имкониятлар

 

risunok1onoenoen7o6o67s87snro76g4nr5u563u56r.jpg

 

Президент Шавкат Мирзиёев рақамли таълим экотизимини ривожлантириш юзасидан тақдимот билан танишди.

Ахборот технологиялари соҳасида 2030 йилгача 300 мингта иш ўрни яратиш бўйича белгиланган мақсадга жорий йилнинг ўзида эришилди. Энди рақамли иқтисодиётнинг янги йўналишларини ривожлантириш ҳисобига 2030 йилга қадар яна 500 мингта иш ўрни яратиш вазифаси қўйилмоқда.

Бунинг учун ёшларни ўқитишдан бошлаб, касбий кўникмаларини тасдиқлаш ва ишга жойлаштиришгача бўлган жараёнларни қамраб олувчи ягона рақамли таълим экотизимини шакллантириш зарур. Тақдимотда 2030 йилгача 5,5 миллион нафар ёшни анъанавий ва масофавий шаклларда ўқитишга қаратилган ёндашувлар кўриб чиқилди.

Мактаб ўқувчилари учун “Ал-Хоразмий ворислари” ва “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаларини кенгайтириш, олий таълим муассасалари ҳамда хусусий ўқув марказлари имкониятларини бирлаштириш назарда тутилмоқда.

Тақдимотда олий таълимда тайёрланаётган кадрлар малакасини технологиялар ва меҳнат бозоридаги ўзгаришларга мослаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Сунъий интеллект, микросхемаларни лойиҳалаш, дрон технологиялари ва компьютер ўйинларини ишлаб чиқиш каби йўналишларда таълимни ривожлантириш, талабаларнинг амалий лойиҳаларда иштирокини кенгайтириш таклиф этилди.

Шунингдек, информатика ўқитувчиларининг сунъий интеллект бўйича билимларини ошириш ва уларни сертификатлаш, олий таълим муассасалари талабалари учун халқаро рақамли таълим курсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Фарғона тажрибаси асосида iOS дастурчиларини тайёрлаш марказларини ташкил этиш, хусусий таълим марказларига менторлар тайёрлаш таклифлари маъқулланди.

Илмий тадқиқот ва ишланмаларни таълим билан боғлашга ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, ОТМларда ўрнатилган тизимлар, микроэлектроника ва буюмлар интернети бўйича мутахассислар тайёрлаш, муҳандислик ишланмалари ва тадқиқот лабораториялари фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар билдирилди.