Олий малака тоифадаги педагогларга имтиёзлар
Олий малака тоифадаги педагогларга имтиёзлар

Вазирлар Маҳкамасининг «Олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга бўлган педагогларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 15 йил иш стажига эга бўлган олий малака тоифадаги педагогларга ипотека кредитлари бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади.
Ҳужжатга кўра, 2026 йилдан бошлаб камида 15 йил педагогик иш стажига ва олий малака тоифасига эга бўлган педагогларга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштириладиган ипотека кредитлари бошланғич бадалининг 25 фоизини қоплаб бериш учун давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби жорий этилади.
Субсидия олиш учун аризалар Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади ҳамда ушбу жараёндаги барча хизматлар бепул кўрсатилади. Аризалар subsidiya.idm.uz электрон платформаси орқали инсон омилисиз кўриб чиқилади ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг subsidyplatform.mf.uz тўлов платформаси орқали автоматик тарзда тўлаб берилади.
Мазкур қарор билан тасдиқланган тегишли низомга асосан субсидия ариза берувчининг рўйхатга олинган доимий яшаш жойидаги ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) доирасида қурилган уй-жойлар учун йўналтирилади.