Ноёб ва гўзал буюмлар яратишда меҳнатнинг ўзи камлик қилади
Ноёб ва гўзал буюмлар яратишда меҳнатнинг ўзи камлик қилади

Миллий ҳунармандчилик – халқимизнинг тарихий, моддий-маънавий меросини, орзу-истакларини ўзида мужассам этиб келаётган мерос. Хусусан, халқ амалий санъатининг бетакрор ижод намуналарини кўрган киши ҳунармандларнинг нафақат машаққатли қўл меҳнатини, балки қалб ҳароратини ҳам ҳис этади. Шу боис бу маҳсулотлар бутун дунёни ҳайратга солмоқда.
Мамлакатимизда ўтган давр мобайнида ҳунармандчиликни ривожлантиришга катта имкониятлар яратилди, шунингдек, бу борада қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ҳунармандларга имтиёз ва преференциялар берилиши натижасида “Ҳунарманд” уюшмасида 40 минг нафардан ортиқ ҳунармандлар фаолият юритиб келмоқда. Шу билан бирга, уста-шогирд анъаналари ривожланиб, Республикада шогирдлар сони 67,8 минг нафарга етди, яратилган иш ўринлари сони 175 мингтани ташкил этмоқда. Фарғона вилоятида бугунги кунда 6 минг 282 нафар ҳунармандлар, 18 минг 848 минг нафар шогирдлар фаолият кўрсатаётгани ҳам эътибор самарасидир.
Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури доирасида ўтган йилда 18 минг 736 та лойиҳага тижорат банклари томонидан 580,2 миллиард сўм маблағ ажратилган. Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Андижон, Навоий, Наманган вилоятларида ҳунармандлар учун барча қулайликларга эга бўлган 10 та марказ қуриб, фойдаланишга топширилди.

Риштон туманида Халқаро кулолчилик маркази ташкил этилган. Бу ерда 20 та икки қаватли кулоллар хонадони, Риштон тарихи музейи, банк хизматлари маркази қурилган. Уйларнинг биринчи қаватида устахона ва савдо дўкони жойлашган, иккинчи қаватда ҳунармандлар оиласи яшайди.




