Нодир ҳужжатлар туҳфаси

Нодир  ҳужжатлар туҳфаси

 yaprycapryvapryavpryavepvr.jpg

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси яна бир тарихий дурдона билан бойиди — Амир Темур даврига оид икки нусхадаги нодир вақф ҳужжатлари музейга келиб тушди

        Ўзбекистон Миллий архивидан тақдим этилган мазкур ҳужжатлар — Буюк Соҳибқирон Амир Темурнинг шахсан иштирокида тузилган ва ўша даврдаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларни ифодаловчи вақфномалардир. Улар Марказда қадрли экспонат сифатида намойиш этилмоқда.

       Биринчиси – 5 метрдан ортиқ узунликда, 30 см. кенгликда бўлиб, унда Самарқанднинг Ёркент ҳудудидаги унумдор ерларни вақф қилиш ҳолати баён этилган. Иккинчи ҳужжатнинг узунлиги 1,5 метр, эни 30 см бўлиб, у Шофиркон туманидаги Ҳазрати Хожа Ориф зиёратгоҳига оид тегирмон, улов ва дўконлар каби турли хил Бухородаги зиёратгоҳ, унумдор жойларни вақф қилиш тўғрисида. Ҳар икки ҳужжат Темурийлар давридаги ҳуқуқий анъаналар, жамоат манфаатларини таъминлаш ва диний-маърифий муассасаларни қўллаб-қувватлаш сиёсати ҳақида муҳим маълумотларни ўз ичига олади.

       Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳам Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасига 500 дан ортиқ китоб ҳадя қилди.

       Ҳадя қилинган нашрлар орасида ўзбек адабиётининг классик ва замонавий намоёндалари асарлари, адабий танқид ва таҳлилга оид илмий манбалар, маънавий-маърифий ва тарихий адабиётлар, илмий-бадиий ва оммавий-назмий йўналишдаги нашрлар мавжуд. Ушбу китоблар нафақат Ислом цивилизацияси маркази фаолияти учун, балки ёш тадқиқотчилар, адабиётшунослар ва кенг жамоатчилик учун манфаатли билим манбаи бўлиб хизмат қилади. Таъкидлаш жоизки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси томонидан ҳам марказ кутубхонасига сиёсий ва халқаро муносабатлар мавзуларига оид китоблар тўплами ҳадя қилинган эди.

 

 fvapvyaapvapivap.jpg