Муштарак мерос – янги ҳамкорлик асоси
Муштарак мерос – янги ҳамкорлик асоси

Боку шаҳридаги Халқаро Муғом марказида «Ўзбекистон ва Озарбайжон: муштарак тарихий мерос, ислом цивилизацияси ва замонавий илмий ҳамкорлик» мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов Ислом цивилизацияси марказини икки мамлакат ўртасидаги илмий, маданий ва гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилувчи ноёб мулоқот майдонига айлантириш ташаббусини илгари сурди.
Буюк ипак йўли асрлар давомида нафақат савдо-сотиқ, балки билимлар, илмий ғоялар ва маданий анъаналар алмашинувида ҳам муҳим ўрин тутган. Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Низомий Ганжавий ва Муҳаммад Фузулий каби буюк мутафаккирларнинг бой илмий ва адабий мероси бугун ҳам халқларимиз ўртасидаги тарихий ва маданий яқинликни чуқур ўрганиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Конференция давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, икки мамлакатнинг илмий муассасалари, университетлари ва тадқиқот марказлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ёш олимлар учун қўшма дастурларни ишлаб чиқиш, шунингдек, муштарак тарихий меросни биргаликда тадқиқ этиш муҳимлиги таъкидланди.