Мумтоз адабиётга эҳтиром
Мумтоз адабиётга эҳтиром

Улуғ қозоқ оқини Абай ўз асарларини қоғозга кўчириб, таниш-билишларига тақдим қилар, улар ўз овул-элларига олиб кетиб, турли давраларда ўқиб берар ва халқ уларни тез ёд олар эди.
Шу тариқа бу асарлар муаллиф матнига эга бўлишига қарамай, асосан, оғзаки тарзда тарқалди.
Абай ҳаётлик пайтида унинг асарлари ягона жилд остида тўпланиб китобат қилинмади. Шу боис, абайшунослик йўсинидаги изланишлар оқин вафотидан беш йил ўтгач (1909 йилдан эътиборан), Алихон Бекейхонов, Аҳмад Бойтурсун ўғли ва Мирёқуб Давлат ўғли каби фидойи мухлислар томонидан қўлёзмаларни йиғиш, эл оғзидан ёзиб олиш, нашр ишларини амалга ошириш, илк мақолалар ёзишдан бошланди.
Абайшунослик ҳақида гап кетар экан, албатта, Семейдаги Абай музейи ташкилотчиси Қаюм Муҳамадхонов номини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Зотан, ҳозир давлат муҳофазасига олинган бу музейда ўн уч мингдан ортиқ қимматли экспонат сақланади. Олимнинг муҳим хизматларидан яна бири “Абай асарлари текстологияси” мавзусида ёзилган илмий тадқиқотидир.
Абайшуносликдаги бундан кейинги ўринни ҳақли равишда Мухтор Авезов номи туради. У 1940 йилда Абай асарлари икки томлигини нашр қилишга бош-қош бўлди. Мухтор Авезов шу йили “Абайнинг ҳаёти ва ижоди”, 1945 йилда “Абай — қозоқ халқининг улуғ оқини” номли йирик тадқиқотларини, шоир таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан “Абай диёрида ўтказилган тўй” номли очеркини нашр қилдирди. Бундай изланишлар натижаси ўлароқ, “Абай йўли” эпопеяси майдонга келди. Абай ҳаёти ва фаолияти ҳақида 1954 йилда ҳужжатли фильм ва 1956 йилда диафильм яратилди.
Кейинги йилларда абайшуносликка эътибор янада ортди. Жумладан, 1994 йилда Абай шажарасига бағишланган махсус альбом тайёрланди. 1995 йилда оқиннинг 150 йиллик тўйи ЮНЕСКО доирасида халқаро миқёсда кенг нишонланди. Кейинчалик “Абай қомуси”, “Абай асарларининг изоҳли луғати”, “Абай ва Пушкин”, “Абай Қўнонбоевнинг педагогик қарашлари” каби кўплаб салмоқли тадқиқотлар юзага келди. Бугунги кунда Қозоғистон мактабларида “Абайшунослик“ предмети жорий этилмоқда. Олий таълим муассасаларида Абай меросини ўрганишга алоҳида эътибор берилади. Улуғ қозоқ оқини таваллудининг 175 йиллик юбилейини жорий йилда ЮНЕСКО ва ТУРКСОЙ (Халқаро туркий маданият уюшмаси) ҳамкорлигида кенг тарзда нишонлаш режалаштирилган.
ОҚИН АСАРЛАРИНИНГ ЖАҲОНШУМУЛ ШУҲРАТИ
Абайнинг асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган. Жумладан, 1950 йилда “Искандар” достони, 1958 йилда эса “Маъсуд” достони Пекин шаҳрида алоҳида китоб ҳолида чоп этилди. Умуман, қозоқ оқинининг 167 та шеъри, учта достони ва 45 насрий ҳикмати хитой (хансу) тилига таржима қилиниб, уч жилд ҳолида тўла чоп этилган. Шунингдек, унинг асарлари жуда кўп тилларга таржима қилинган.
Таъкидлаш ўринлики, маърифатпарвар қозоқ шоири кўплаб битиклари ўзбек тилига ҳам маҳорат билан ўгирилган. “Танланган асарлари” уч марта — 1961 ва 1995, 2019 йилларда нашр қилинган. Шубҳасиз, бунда ўзбек мутаржимлари орасида қардош қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ халқларининг ҳам севимли шоири сифатида эътибор топган Миртемирнинг номи ва тарихий хизматлари алоҳида эъзозга лойиқдир.
АДАБИЙ МЕРОСИ
Абай ўн ёшидан бадиий ижод билан шуғуллана бошлади. “Туя қувган ким эди, деб келган эдим” шеърини унинг дастлабки машқлари сифатида санаш мумкин. Шундан кейин 1870-1880 йилларда бирин-кетин “Юзи равшан”, “Фузулий, Шамсий”, “Соф, соф, кўнглим”, “Шарифга”, “Абралига”, “Яхшилиққа”, “Кенг яйлов” каби асарлари юзага келди. 1882 йилда битилган “Қансонарда” асари ғоявий-бадиий пишиқлиги билан Абай номини кўпчиликка танитди.
Сирасини айтганда, Абай қирқ ёшга киргачгина, бадиий ижодни чин маънода ўзига қисмат деб билди. Зотан, бу даврда унинг дунёқараши шаклланган, нафис санъатнинг халқ онги ва руҳиятига таъсирини чуқур англаган, поэтик маҳорати ортган эди.
Абай бутун умри давомида қозоқ халқини тинчликка, илм-маърифатга, аҳиллик ва тотувликка чорлаб яшади. Ундан қозоқ халқи маданий мероси ва жаҳон адабиёти хазинасига 200 дан ортиқ шеър, шунингдек, “Искандар”, “Маъсуд”, “Азим ривояти”, “Вадим” деб номланувчи 4 та бебаҳо достон, 45 та насрий ҳикмат (“қора сўз”) мерос бўлиб қолди. Бинобарин, 59 йилгина умр кўрган Абай 10 ёшидан умрининг охиригача (1855-1904) 49 йил давомида ижодий ишлар билан банд бўлишига қарамай, 40 ёшидан эътиборан, (1885 1904 йиллар оралиғида) 19 йил фаол ижод қилган эди.
Абай — маърифатпарвар шоир (оқин), қозоқ ёзма адабиёти ва тилининг асосчиси, донишманд адиб — “Қора сўз” (насрда битилган) фалсафий шарҳлар муаллифи, ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчиси, миллий ментал ва илғор дунёвий қарашларни уйғунлаштиришга интилган, қозоқ халқининг XIX асрдаги тарқоқ турмуш тарзини рус ва Оврупо маданиятига яқинлаштиришга интилган ислоҳотчи эди.
Абай ўз адабий-эстетик концепциясига содиқ қолгани учун қадим адабий-бадиий анъаналарга эргашди. Ўз қўшиқларини мақол-матал, нақл-ҳикматлар билан зийнатлади. Ҳатто ҳаромхўр нокаслар қошида ҳам инсоф-диёнат, уят-андиша, ор-номус, сабр-қаноат ҳақида дадил куйлайверди. Демак, Абай адабий меросини шоирнинг дунёқараши ва у таянган адабий-эстетик ақидалар билан чамбарчас боғлиқликда ўрганиш мақсадга мувофиқдир.
Масалан, “Искандар” достонида македониялик Александр образига мурожаат этилса-да, қозоқ халқининг “Ажралганни бўри ер”, деган ҳикматига алоҳида урғу берилади. Зотан, шоир бу ҳикматни ватандошлари онг-шуурига сингдиришни кўзлайди. Умуман, “Маъсуд” ва “Искандар” достонларида Шарқ адабиётининг кучли таъсири ёрқин намоён бўлади.
Дарҳақиқат, Абай мадрасада таҳсил олган йилларидан эътиборан, Марказий Осиё шоиру алломалари Саъдий Шерозий, Ҳофиз Шерозий, Хисрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Нодира асарларини севиб мутолаа қилди ва улар таъсирида халқни маърифатга ундовчи илғор дунёвий ғоялар ифодаланган шеърлар ёза бошлади. Жумладан, шоирнинг Алишер Навоий ва Мирзо Бобур шахсияти ва ижодий меросига меҳр-муҳаббати нақадар юксак экани ҳақида тўхталган академик Мухтор Авезов: “Абай Қўнонбоев ўғли Оқилбойга ҳазрат Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достони сюжети асосида “Жарроҳ” номли асар ёзишни топширган, набираларидан бирининг исмини Бобур қўйган”, деб ёзади.
Абай ўзининг “Ҳикматлар” китобида ҳунарманду тадбиркор, деҳқону миришкор, маърифатпарвару саховатпеша халқ табиатига хос фазилатларни улуғлаб, бундай ёзган эди: “Ўзбек деҳқони етиштирмаган ўсимликнинг ўзи йўқ, улар ясамаган буюм йўқ. Аҳилликда яшайди, адоват қўзғамайди. Таниқли бойлари, билимдон муллалари, ҳунармандлик ва мўл-кўллик дейсизми, боадаблик дейсизми — ҳаммаси уларда бор”.
Абай яшаган даврда қозоқ халқи орасида мусиқани нотага тушириш анъанаси шаклланмаган эди. Шу боис, оқин шеърлари каби у басталаган халқчил куйлар ҳам устоз-шогирдлик анъанаси асосида дастлаб ўз қишлоғи, шаҳри ва кейинчалик бутун қозоқ даштига кенг тарқалди ҳамда бизгача етиб келди.
Абай ўз фарзандларини ҳам адабиёт ва санъат дунёсига олиб кирди. Жумладан, улардан бири — Мағавия отасининг маслаҳати билан “Менғат Қосим”, иккинчиси — Оқилбой эса “Қиссаи Юсуф” достонлари анъанавий сюжети асосида мустақил асарлар ижод қилган.
Бинобарин, XX—XXI асрлар замонавий қозоқ шеъриятининг анъанавий ифода йўсинлари, маъно-мазмун қатламларида кузатилаётган ижодий-услубий изланишларда Абай ижодий мактабининг ҳаётбахш таъсири яққол намоён бўлаётгани кишини беҳад қувонтиради. Шоирнинг ҳаёт шиддати ва умр бевафолиги билан боғлиқ теран маъно-мазмун, маърифий ғояларни улуғловчи, баъзида эса надомат оҳангларига йўғрилган шеърлари ёшларни ҳушёрлик, илм-маърифат эгаллашга чорлаш мотивлари билан зийнатлангани, умрнинг ҳар лаҳзаси ғанимат эканини идрок этишга ўргатиши жиҳатидан ҳам қимматлидир.
Исломжон ЁҚУБОВ,
Низомий номидаги ТДПУ профессори,
филология фанлари доктори




