Муқаддас ва шариф шаҳар

Муқаддас ва шариф шаҳар

earfgeryhtyj.jpg

          Яқин Шарқ ва бутун дунёнинг энг машҳур шариф шаҳарларидан бири бўлмиш Қуддус жаҳоннинг уч дини вакиллари – мусулмонлар, яҳудийлар ва  христианлар учун муқаддас даргоҳ ҳисобланади.  Узоқ тарих давомида бу шаҳар гоҳ у, гоҳ бу томоннинг тасарруфида бўлган. Шу боис Қуддус шаҳрининг мақоми ҳозирги кунгача баҳсли бўлиб келади. 

Қуддус ҳақидаги дастлабки маълумотлар милоддан аввалги  иккинчи минг йилликнинг ўрталарига тўғри келади. Дастлаб Рушалимум (Шалим худоси шаҳри), ёзма манбаларда милоддан аввалги XV асрдан Урушалаим номи билан тилга олинган. Иерушалаим арабча “ Ал Қудс” — "муқаддас" шаҳар, қадимий яҳудийлар тилида "тинчлик шаҳри" маъноларини англатган. Шаҳар қадимий ва Ўрта асрларда турли давлатлар - Яҳудийлар подшолиги, Рим империяси, Византия, Араб халифалиги, Усмонли турк салтанати таркибида бўлган.

Қуддус 1920-1947 йилларда Фаластин ҳудудидаги инглизлар мандатининг маъмурий маркази бўлган. Шаҳар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг  1947 йил 29 ноябрдаги қарорига мувофиқ мустақил маъмурий бирлик қилиб ажратилган. 1948-1949 йиллардаги араб-исроил уруши натижасида Исроил (ғарбий қисми) билан Иордания (шарқий қисми) ўртасида иккига бўлинди. 1950 йилда Қуддуснинг ғарбий қисмини Исроил ҳукумати БМТ қарорига хилоф равишда мамлакат пойтахти деб эълон қилган. 1967 йилда Исроил Қуддуснинг шарқий қисмини ҳам эгаллаб олган  ва 1980 йил 30 июлда Қуддусни "абадий ва бўлинмас пойтахт" деб эълон қилган.

Шаҳар икки қисм - эски  ва янги шаҳардан иборат. Эски шаҳар XVI асрда қалъа девори билан ўралган. Қуддусда мусулмон, яҳудий ва христианлар даҳалари ажралиб туради. Меъморий ёдгорликлардан эллинизм ва рим даври ҳамда араб маданиятига доир  Қуббат ас-Саҳро,  Ал Ақсо масжидлари ва черковлар, қалъалар сақланган. XIX асрнинг иккинчи ярмидан қурила бошлаган янги шаҳарда замонавий бинолар, университет мажмуаси, тиббиёт маркази, миллий музей, яҳудий университети  бор.

Энг кўп ташриф буюрилувчи ва машҳур жой – Ал-Ақсо масжиди Қуддусдаги тоғда жойлашган. Исломда Ал Ақсо Маккадаги  Масжидул Ҳаром, Мадинадаги  Масжиди Набавийдан кейинги учинчи муқаддас масжид ҳисобланади. Ал Ақсо масжидида бир вақтнинг ўзида 5000 киши ибодат қилиши мумкин.

aegrhytjhtj.jpg

avcsegvrgth.jpg