Муҳим қарорлар қабул қилинди
Муҳим қарорлар қабул қилинди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Кенгайтирилган Илмий кенгашининг навбатдаги йиғилиши очилиш маросими арафасида амалга оширилаётган илмий-инновацион, ташкилий ва ижодий жараёнларни комплекс таҳлил қилиш, бажарилган ишлар самарадорлигини баҳолаш ва келгуси устувор вазифаларни белгилаб олишга бағишланди. Йиғилишда илмий кенгаш аъзолари, лойиҳалар ишчи гуруҳ раҳбарлари, олимлар, илмий ходимлар ва мутахассислар иштирок этди.
Йиғилишни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов бошқарди. Кириш сўзида Марказ директори давлатимиз раҳбари ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилган ва яқин кунларда кенг жамоатчилик, халқимиз учун очилиши кутилаётган Марказни оддий музей мажмуаси сифатида эмас, балки миллий цивилизация тарихи, исломий илм-фан тараққиёти ва давлатчилик анъаналарини замонавий экспозицион ечимлар орқали намоён этувчи стратегик илмий-маърифий платформа сифатида шаклланганини алоҳида таъкидлади. Унга кўра, очилишга тайёргарлик жараёнлари фақат ташқи безак ва инфратузилма билан чекланмасдан, мазмун, илмий асос, манбашунослик аниқлиги ва концептуал яхлитликни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Йиғилишда музей экспозицияси бўлимлари доирасида амалга оширилган 1-тоифа илмий-инновацион лойиҳалар ижроси юзасидан батафсил ҳисоботлар тақдим этилди. Хусусан, “Қуръони Карим” зали бўйича 10 та лойиҳа амалга оширилгани, “Қуръони каримнинг жаҳондаги 114 нодир нусхаси” махсус лойиҳаси концепция асосида дизайнерлик, факсимиле тайёрлаш ва реставрация ишлари олиб борилгани қайд этилди. Мазкур залда муқаддас манбанинг тарихий нусхалари, хаттотлик мактаблари ва китобат анъаналари илмий асосда ёритилган бўлиб, мультимедиавий форматда тақдим этиш ишлари якунланиш арафасида эканлиги Марказ илмий ходими Азимжон Ғафуров томонидан маълум қилинди.
Кенгаш йиғилишида Марказ “Қуръони карим зали”да гумбаз остида Қуръони карим оятларининг нозил бўлиш жараёнини рамзий тарзда ифодаловчи махсус мэппинг шоу намойиш этилиши жараёнлари ҳам муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳани юксак бадиий ва руҳий савияда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, “Исломдан аввалги давр цивилизациялари” экспозициясининг 1-босқич лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.
– Бугунги кунга қадар “Исломдан аввалги давр цивилизациялари” экспозицияси доирасида жами 25 та илмий-инновацион лойиҳа амалга оширилди. Қадимги Бақтрия, Хоразм, Суғд, Фарғона, Чоч ҳамда Буюк ипак йўлига бағишланган лойиҳалар тадқиқотлар асосида тайёрланган материаллар пухта мониторингдан ўтказилиб, дастлабки ва якуний жадваллар тасдиқланиб, ишчи гуруҳ баённомалари расмийлаштирилган ҳолда бажарилган. Мазкур йўналишда экспозиция тарихий изчиллик ва цивилизацион узвийлик тамойили асосида шакллантирилган бўлиб, у археологик топилмалар, нумизматик материаллар ҳамда интерактив хариталар орқали мазмунан ва визуал жиҳатдан бойитилган, – деди тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова.
Тарих фанлари номзоди, доцент Хуршид Файзиев ўз тақдимотида “Иккинчи Ренессанс” экспозицияси доирасида бажарилган 88 та илмий-инновацион лойиҳалар ижроси тўлиқ бажарилгани ҳақида маълумот берди. Мазкур йўналиш темурийлар давридаги улкан маънавий ва илмий юксалишни комплекс равишда очиб беришга хизмат қилади. Тарих ва манбашунослик, адабиёт, ислом илмлари, архитектура, санъат ва астрономия соҳаларида яратилган медиалойиҳалар мазмун жиҳатидан чуқур илмий таҳлилга асослангани таъкидланди. Жумладан, Амир Темур давлатчилиги ва дипломатияси, Шоҳрух Мирзо даври маданий муҳити, Мирзо Улуғбекнинг астрономия мактаби, Алишер Навоийнинг илмий-адабий мероси ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур фаолиятига бағишланган медиалойиҳалар экспозициянинг асосий ғоявий устунини ташкил этмоқда.
Ҳисоботда қайд этилганидек, ушбу экспозиция доирасида 49 та видеоролик, 39 та муляж ва 7 та макет яратилган. Темурийлар даврига оид шаҳарсозлик, китобат санъати, мусиқа маданияти, мадраса тизими ва илм-фан намояндалари ҳақидаги интерактив материаллар ягона рақамли платформага жойлаштирилган. “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” концепцияси асосида тайёрланган медиалойиҳалар орқали тарихий жараёнлар изчил хронологик тартибда намоён этилмоқда.
Шу билан бирга, “Ўзбек хонликлари даври” бўйича 51 та, диний-маърифий йўналишда 21 та, “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” бўлими доирасида 20 та лойиҳа амалга оширилгани маълум қилинди. Бу лойиҳалар Марказ экспозициясининг тарихий даврийлик тамойили асосида — қадимдан то замонавий босқичгача бўлган цивилизацион тараққиётни яхлит концепцияда ёритишга қаратилганини кўрсатади.
Йиғилишда молиявий-ташкилий масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Илмий-инновацион лойиҳалар доирасида тузилган шартномалар ижроси, молиялаштириш жараёни, дизайнер ва мутахассисларга тўловларни белгиланган тартибда амалга ошириш, жумладан 114 та Қуръони карим нусхаси билан боғлиқ лойиҳада факсимиле ва реставрация ишлари юзасидан ҳисоботлар тингланди. Барча жараёнлар шаффофлик ва сифат назорати асосида амалга оширилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, “Имом Бухорий мажмуаси” китоб-альбомини нашрга тайёрлаш концепцияси ва ижодий гуруҳ таркибини тасдиқлаш, Марказга ташриф буюрувчилар учун маълумотнома ишлаб чиқиш, очилиш муносабати билан нашр этиладиган китобларни қисқа муддатда, юқори полиграфик ва илмий сифатда чоп этиш мақсадида қўшимча олимларни шартнома асосида жалб қилиш бўйича қарорлар қабул қилинди.
Марказнинг янги мобил иловасини ишга тушириш, аудиогид ускуналари миқдорларини ошириш, тизимни тўлиқ жорий этиш, кутубхона ўқув зали деворлари учун жадидларнинг 22 та портретлари рўйхатини тасдиқлаш, музейнинг 2-қаватини қўшимча дизайн қилиш ва жиҳозлаш каби ташкилий масалаларнинг ҳам бирламчи таклифлари кенгаш муҳокамасига тақдим этилди.
Шунингдек, очилиш маросимида намойиш этиладиган мэппинг шоуни Хоразм порталидан Мирзо Улуғбек порталига кўчириш ҳамда тарихий ва замонавий визуал эффектларни уйғунлаштириш режалаштирилгани маълум қилинди.
Йиғилиш якунида Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси бўлган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази нуфузли халқаро Prix Versailles мукофотига номзод сифатида танлангани хушхабар ва юқори эътироф сифатида қайд этилди. Бу борада Марказ фаолиятини янада кенг тарғиб қилиш учун маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари учун пресс-турлар ташкил этиш ташаббуслари илгари сурилди. Бу Марказни халқаро меъморий ва маданий платформаларда кенг танитишга хизмат қилиши таъкидланди.
Йиғилиш якунида барча лойиҳаларни белгиланган муддатларда, юқори илмий савия ва техник жиҳатдан сифатли якунлаш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Таъкидланганидек, Марказнинг очилиши мамлакатимизнинг кўп асрлик илмий-маърифий меросини замонавий музей технологиялари орқали жаҳон ҳамжамиятига тақдим этувчи тарихий воқеа бўлиб, унинг ҳар бир экспозицион ечими чуқур илмий таҳлил ва концептуал яхлитликка асосланиши шарт.









