Молиявий хизматлар оммабоплиги оширилади
Молиявий хизматлар оммабоплиги оширилади

Сўнгги йилларда бу борада қатор дастурлар амалга оширилиб, тадбиркорларга кредит, компенсация, кафиллик ва бошқа молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари кенгайтирилди.
Бунги кунда кичик ва ўрта бизнесга ажратилган кредитлар портфели 218 триллион сўмни ташкил этмоқда. Бу ялпи ички маҳсулотга нисбатан 12 фоизга тенг. Шу билан бирга, онлайн тарзда ажратилаётган таъминотсиз микрокредитлар улуши кам. Таъминотсиз онлайн микрокредит ажратиш жараёни ўртача 7 кунгача вақт олмоқда. Тадбиркор кредит олиш учун бир нечта банк таклифларини бир жойда кўриш, солиштириш ва ўзига мақбул шартларни танлаш имкониятига эга эмас.
Шу муносабат билан тақдимотда рақамли молиявий платформани ишга тушириш таклиф қилинди. У орқали тадбиркор кредит олиш учун ариза беради, бир нечта банклардан тижорат таклифларини олади, уларни таққослаб, ўзига қулайини танлайди.
Платформа “Электрон ҳукумат” тизимининг рақамли маълумотлар базалари билан интеграция қилинади. Кичик ва ўрта бизнес субъектларига оид маълумотлар автоматик равишда олиниб, банкларга тақдим этилади. Бу кредит бериш жараёнида ҳужжат йиғиш, ортиқча вақт сарфлаш ва инсон омилини камайтиришга хизмат қилади.
2026 йил 1 декабрдан бошлаб платформа доирасида сунъий интеллект технологиялари элементларидан фойдаланган ҳолда муқобил скоринг модели жорий этилади.