Мир Араб мадрасаси тарихи

Мир Араб мадрасаси тарихи

ykeoluknolykprayupkyupkup.jpg

            Қадимдан Бухоро ўзининг кўплаб мадрасалари билан ном таратган. У турли ерлардан илм таҳсили учун талабалар ташриф буюрадиган шаҳар ҳисобланган. Наршахийнинг фикрича, 937 йилги ёнғиндан зарар кўрган “Форжак” мадрасаси Марказий Осиёдаги дастлабки мадрасалардан саналган. Абу Ҳафс Кабир Бухорий ҳам Бухорода илмий ва диний билимлар ривожига катта ҳисса қўшган мадрасага асос солган. Ўрта асрларда Бухоро мадрасалари илм маскани сифатида нафақат Марказий Осиёда, балки Шарқда ҳам машҳур эди. Амир Темур ва темурийлар даврида мадрасалар олий маълумот берувчи марказ вазифасини ўтаган.

Шундай мадрасалардан бири Мир Араб мадрасаси ҳисобланиб, уни 1530-1536 йилларда Бухоро хони, мумтоз шоир Убайдуллахон  инъом этган маблағ ҳамда кўплаб вақф мулклари ҳисобига Шайх Абдуллоҳ (Мири Араб) қурдирган. Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архивида сақланаётган И-323-жамғармадаги вақф ҳужжатида ҳам 1527 йил мадраса учун ажратилган кўп сонли деҳқончилик ер майдонлари, бутун қишлоқлар ва бошқа мол-мулклар бирма-бир санаб берилган.

Мир Араб мадраса қурилишини ниҳоясига етказа олмай, 1536 йил бошида вафот этади. Васиятига кўра куёви Шайх Закариё қурилишни охирига етказган. Шу тариқа мадраса олий ўқув даргоҳи сифатида мударрис, олим, адабиётчи, амалдор, элчи, ҳарбий, имом, сиёсий арбоб ва ҳатто маърифатпарварларни етиштирадиган олий ўқув юртига айланиб борган. Садри Зиё (1865-1932 йй.)нинг маълумотига кўра, Шоҳмурод Мир Араб мадрасасининг битта ҳужрасида кеча-кундуз риёзат чекиб илм олиш билан шуғулланган ва халқ орасида “Амир Жаннатмакон” лақаби билан танилган. Амир Ҳайдар ҳам шу ерда таҳсил олган.

Амир Шоҳмурод мадраса талабаларига солиқлардан тушган даромад ҳисобидан нафақа (стипендия) тўлашни жорий этган.

Мадрасага асосан мактабни тугатганлар қабул қилинган. Талабалар ёши 10 ёшдан 40 ёшгача бўлган.

ynovneolylykpaypkpkup.jpg

         Талабалар мадрасага имтиҳон асосида қабул қилинган. Улар билим даражасига қараб уч гуруҳга бўлинган. Аъло (олий), авсат (ўрта) ва адно (қуйи). Улар мадраса ётоқхоналарида яшаш ҳуқуқига эга бўлган.

Ўқув дастурлари уч қисмга бўлиб ўргатилган: диний адабиётлар, умумтаълим фанлар ва махсус педагогик фанлар. Мадрасанинг ўқув курси, одатда, “Аввали илм” деб номланган форс тилидаги ўқув қўлланмасини ўзлаштириш билан бошланган. Мадрасаларда тўлиқ курсни ўқиб тугатиш учун талабалардан фалсафа ва ҳуқуқ фанларига оид тахминан 137 та дарслик-қўлланмани ўзлаштириш талаб этилган.

1945 йилда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасаси фаолиятига рухсат берилган. 1946 йилда мадрасага 30 та талаба қабул қилинган. Бу илм масканида ислом дини равнақига сезиларли ҳисса қўшган машҳур уламолар - россиялик Равил Гайнутдин, бошқирдистонлик Талгат Тожуддин, чеченистонлик Аҳмад Қодиров, озарбайжонлик Оллошукур Пошшозода, қирғизистонлик Кимсанбой Абдураҳмонов ҳамда туркманистонлик Насруллохон Ибодуллоевлар таҳсил олганлар.

vgelnelvertoykepryukrkur.jpg

2017 йилда Ўзбекистон Республикаси  Адлия вазирлиги Бухоро вилоятидаги Олий Мир Араб мадрасасини олий диний таълим муассасаси сифатидан рўйхатга олди. Бу ерда Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ҳам ташкил этилди.

Бухоро шаҳри Пойи Калон мажмуасидаги моддий маданий мерос объекти ҳисобланган Мир Араб ва Сайид Амир Олимхон мадрасалари биноларига Мир Араб олий мадрасаси текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилди.

Шунингдек, Бухоро шаҳри Абу Ҳавс Кабир кўчасида жойлашган Бухоро ихтисослаштирилган маданият мактаб-интернатининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуд билан биргаликда Мир Араб ўрта махсус ислом билим юртига бепул берилди.

Мир Араб олий мадрасаси ва Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти бино ва иншоотларида амалга ошириладиган реставрация-тиклаш, қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш дирекцияси маблағлари ҳисобига амалга оширилмоқда.