Миллий танлови ғолиблари тақдирланди
Миллий танлови ғолиблари тақдирланди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар” миллий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир Конституциянинг 33 йиллиги, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 77 йиллиги ва 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан эълон қилинган “Инсон ҳуқуқлари ўн кунлиги” доирасида ўтказилди.
Тадбирда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини юксак қадрлаш ғоясига бағишланган ислоҳотлар нафақат самарали, балки кенг қамровли ва изчиллиги билан ҳам алоҳида аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Танловга инсон ҳуқуқларининг долзарб масалаларига бағишланган 70 дан ортиқ илмий ва оммабоп мақола, 15 илмий-инновацион лойиҳа, 20 дан зиёд видеоролик, шунингдек, бир қатор ўқув адабиётлари келиб тушган. Бу, шубҳасиз, юртимизда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, тарғиб этиш ва ўсиб келаётган авлод онгида инсонпарварлик қадриятларини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг яна бир ёрқин намунасидир.
“Инсон ҳуқуқлари бўйича энг яхши билимдон” номинацияси икки босқичда ўтказилди. Биринчи босқичда иштирокчилар билим даражасини тест синовлари орқали намоён этган бўлса, саралашда энг юқори натижаларни қўлга киритганлар суҳбат жараёнига таклиф этилди. Бу босқичда улар экспертлар томонидан берилган инсон ҳуқуқларининг турли соҳаларига оид саволларга атрофлича жавоб берди.
Танлов ғолибларига ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари ва махсус дипломлар тақдим этилди. Танловни ташкил қилишда самарали кўмаги учун ҳамкор вазирлик ва идоралар вакилларига ташаккурномалар топширилди.