Марказ экспозициясида “Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар” концепцияси

Марказ экспозициясида “Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар” концепцияси

 

dzrgadsrgadgadfgvasdrfg.jpg

 

      Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ислом цивилизацияси маркази нафақат аждодларимиз меросини ўрганиш маскани, балки ёшлар илмий-тадқиқот фаолиятида бевосита иштирок этадиган фаол илмий-маърифий маконга айланиши керак” деган вазифалари бугунги кунда марказда иш олиб бораётган катта илмий-маърифий жамоанинг муҳим дастурига айланган. Бу борадаги вазифаларни бажаришда энг замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

       Марказ экспозициясини шакллантиришда “Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар” концепцияси асосида 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар, илм-фан, замонавий технологиялар мутахассислари, музейшунослар, тадқиқотчилар, дизайнерлар бирлашиб, контентларни тайёрлашмоқда.

       Ҳозирда мукаммал экспозицияни шакллантириш учун 403 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази шунчаки экспозициялар тўплами эмас, балки бу ерда инновацион технологиялар ёрдамида ўтмиш, бугун ва келажакни уйғунлаштирган ҳолда даврлар оша саёҳат қилиш муҳити яратилмоқда.

       Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини янада залворли ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон маданий меросни ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти – WOSCU ҳамкорлигида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида”, “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумидаги китоб-альбомларни нашр этиш, бебаҳо қадимий қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини чоп этиш кўзда тутилган.