Марғилонда мақом сайли

Марғилонда мақом сайли

pvapvapvapvapvapvapva.jpg

       Ўзбекистон Президентининг мақомни ривожлантириш ва оммалаштиришга қаратилган қарорларидан сўнг ҳар бир вилоятда мақом марказлари ташкил этилди. Фарғона вилоятида эса Ўзбекистонда ягона мақом театри тузилди. “Буюк ипак йўли” халқаро мақом мусиқа фестивалининг Марғилон шаҳрида ўтказилиши ҳам ана шу заминга асосланган.

       Марғилондаги “Ижодкорлар боғи”да бўлиб ўтаётган мақом сайлида Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси ва мамлакатимизнинг барча вилоятларидан келган мақом усталари иштирок этишмоқда. Дастлаб улкан боғнинг бир неча саҳналарида уларнинг мақом мухлислари билан ижодий учрашувлар ва чиқишлари бўлди. Сўнгра воқелик асосий саҳнага кўчди.  Мухлислар ҳофизларнинг ҳар бир яккахон, гуруҳ бўлиб куйлаган мақомларини эҳтирос ва мароқ билан тингладилар. Айниқса, озарбайжон муғоми, турк мақомчиларининг дардли хониши, Хоразм, Бухоро, Фарғона йўлидаги маромига етказиб ижро этилган  қўшиқларни томошабинлар чайқала-чайқала, оҳанг авжидан сел бўлиб тингладилар.

       Ҳайъат жиддий танлов олдида қолган эди. Ниҳоят ғолиблар эълон қилинди. Мақом санъатининг қадимий ва бетакрор анъаналарини асраб -авайлаш, ривожлантириш ҳамда жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилишга қўшган улкан ҳиссаси, маҳоратли ижроси ва фестивалдаги фаол иштироки учун "Буюк ипак йўли" халқаро мақом мусиқа фестивали статуеткаси, махсус диплом ва эсдалик совғалари билан Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Қорақалпоғистон Республикалари, Бухоро, Жиззах ва Фарғона вилоятлари мақом жамоалари тақдирландилар.

apvapvapvapvapvapvapav.jpg

        Саҳнага чиққан ташкилотчи – Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Маданият вазирлиги вакиллари ғолибларга диплом ва совғаларни топширишди.

       Расман танлов якунланди. Аммо мақом кечалари Марғилоннинг ҳар бир кўчаси, маҳалласигача етиб борди.