Маданий меросни асрашда халқаро ҳамкорлик
Маданий меросни асрашда халқаро ҳамкорлик

Бебаҳо тарихий обидаларни кўз қорачиғидек асраб-авайлашда хорижий илғор тажрибани ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
Маданий мерос агентлигида халқаро ҳамкорлик бўйича хорижлик реставраторлар, маданий меросни сақлаш бўйича жаҳон тажрибасини ўрганиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш бўйича бир қанча йўналишда ишлар олиб борилмоқда.
Маданий мерос агентлигида Италиянинг “ASSORESTAURO” ассоциацияси раҳбарияти билан расмий учрашув ўтказилди.
Учрашувда маданият вазири ўринбосари, Маданий мерос агентлиги директори Камола Акилова, Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Агостина Пинна, “ASSORESTAURO” ассоциациясининг президенти Алессандро Боцетти иштирок этди.
Расмий учрашувда Камола Акилова Ўзбекистон-Италия ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг асосий йўналишларидан бири сифатида тарихий меъморчилик ўзига хос ўринга эга эканлигини айтди.
Италияда тарихий иншоотларнинг сақланиши ва асраб келиниши таҳсинга сазоворлигини қайд этди.
Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Агостина Пинна Ўзбекистон ва, айниқса, Самарқанд сеҳрли диёр сифатида дунёга машҳур эканлигини, италиялик шаҳарсоз мутахассисларнинг ташрифидан кўзланган мақсад Самарқанддаги ўрта асрларга оид бўлган маданий ёдгорликларни ўрганиш эканлигини билдирди.
Мутахассисларнинг фикрича, Италия давлатининг йиллик молия бюджетидаги маблағнинг 15 фоизи реставрация ишларига сарфланади.
Ассоциация Россия, Хитой, АҚШ, Канада, Эрон каби давлатларда реставрация ва регенерация ишлари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйган.
“ASSORESTAURO” ассоциацияси вакилларининг хизмат сафари дастурида Самарқанд шаҳридаги маданий мерос объектларини ўрганиш режалаштирилган.
ЎзА




