Маданий меросни асраш барчамизнинг бурчимиздир
Маданий меросни асраш барчамизнинг бурчимиздир

Ўзбекистон Бадиий академиясида Маданият вазирлиги, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамкорлигида “Замонавий Ўзбекистонда реставрация ва консервациянинг муҳим муаммолари” мавзусида ўтказилган илмий семинарда обидаларни асрашга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Маълумки, диёримиз азалдан илм-маърифат, бунёдкорлик ўчоғи бўлиб келган. Юртимиздан етишиб чиққан кўплаб алломалар, буюк зотлар наинки халқимиз, балки бутун инсоният илм-фани, маданият ва санъати ривожига дахлдор улкан маънавий, моддий мерос қолдирди. Уларни асраб-авайлаш, келгуси авлодларга бус-бутун етказиш долзарб масалалардан бири.
Давлатимиз раҳбарияти томонидан маданий меросни асраш, маданий мерос объектлари ва санъат ашёларини реставрация қилиш, бу борада илмий тадқиқотларни амалга ошириш, соҳада мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш орқали реставрация ишларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида халқимизнинг маданий-маърифий ҳаётини юксалтириш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, “Бой тарихимиз дурдонаси бўлган маданий меросимизни асраб-авайлаб, келажак авлодлар учун безавол етказишимиз зарур. Ҳозирги вақтда уларнинг сони 7 мингдан зиёдни ташкил этади.” дея таъкидлади.
– Маданий мерос объектлари, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжоларни асраш ғоят профессионал ёндашувни талаб этади, – деди Фанлар академияси Санъатшунослик институти меъморчилик бўлими мудири, Маданий мерос илмий кенгаши эксперти Мавлуда Юсупова. – Афсуски, кўп йиллар давомида бу йўналишда нопрофессионал ёндашув ҳам кузатилган. Лекин юртимизда зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда бу ишга юқори билим ва малакага эга бўлган реставраторлар, уста ва устазодаларни жалб этиш долзарблиги тобора яққол кўзга ташланмоқда. Мазкур семинар ҳам соҳага оид мавжуд муаммоларни батафсил аниқлаб олиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
– Маданий мерос объектлари билан бирга қадимий ёзма манбаларни ҳам сақлаш, консервациялаш муҳимдир, – деди Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи директори Гулабза Қаршиева. – Музей ва кутубхоналарда ёзма манбаларни реставрациялаш учун шароит етарли, деб бўлмайди. Шу билан бирга, мутахассисларнинг малака ва билимларини ошириш ҳам ғоят муҳимдир. Хориждаги каби юртимиз фуқаролари ҳам моддий маданий меросни кўз қорачиғидек авайлашни ўз бурчи, деб билса айни муддао бўлади. Бу каби семинарлар соҳага оид келгусидаги амалий режаларни белгилаб олишда катта аҳамият касб этади.
Семинарда "Ўзбекистон зиёратгоҳлари меъморчилигининг тарихий қиёфасини сақлаш муаммолари", "Самарқанд меъморий ёдгорликлари ва уларни таъмирлашнинг ўзига хос хусусиятлари", "Ёзма манбаларни консервация ва реставрация қилиш муаммолари", "Хива меъморий ёдгорликлари техник ҳолатини мониторинг қилиш бўйича инновацион ёндашув", "Бадиий таълим тизимида реставратор кадрларни тайёрлашга доир" мавзуларида экспертлар томонидан маърузалар тингланди. Истиқболдаги режалар белгилаб олинди.
ЎзА




