Маданий мерос илмий- тадқиқот институти ташкил этилади

Маданий мерос илмий- тадқиқот институти ташкил этилади

hlguikfujmndnbsdbfdb.jpg

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Маданий мерос илмий- тадқиқот институти ташкил этилаётир.

 

Ушбу институт Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги "Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос илмий- тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ташкил қилинмоқда.

 

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан фундаментал, амалий, инновацион тадқиқотларнинг давлат илмий-техникавий дастурида назарда тутилган маблағлар, ўз фаолиятидан олинган маблағлар, халқаро молия тузилмалари ва бошқа ташкилотларнинг грантлари, қонуний асосдаги бошқа манбалар Маданий мерос илмий-тадқиқот институтининг молиявий манбалари этиб белгиланди.

 

Маданий мерос, шу жумладан, археология мероси объектлари, музей ашёлари ва коллекциялари ҳамда маданий бойликларини уларнинг тарихий-маданий қиммати ва ноёблигини сақлаган ҳолда консервациялаш, тузатиш, таъмирлаш, ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш, улар билан боғлиқ илмий тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда лойиҳа-ҳужжатларини ишлаб чиқиш ушбу институтнинг асосий вазифасидир.

 

Шу билан бирга, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари кадастр ҳужжатлари, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар, шу жумладан, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон меросига киритилган ҳудудларни бошқариш режалари ва меросга бўлган таъсирини баҳолаш ҳисоботларини ишлаб чиқиш мазкур институт зиммасидадир. Қолаверса, моддий маданий меросни асрашга оид ишлар учун уларнинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда янги усул, материал ва технологияларни ишлаб чиқиш, бу борадаги хорижий илғор технологияларни чуқур ўзлаштириш, амалиётга татбиқ этиш, ёдгорликларни музейлаштириш, музей экспозициялари лойиҳаларини яратиш ҳам институт вазифасига киради.

 

Айни пайтда институт маданий меросни, шу жумладан, номоддий маданий меросни ва алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларни  илмий ўрганиш, ҳужжатлаштиришда иштирок этиш, уларни муҳофазалаш, оммалаштириш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича илмий-методик тавсиялар ишлаб чиқиш, соҳага инновацион технологияларни жорий этишга ҳам эътибор қаратади.