Литва бизнесининг Риштон сопол буюмларига қизиқиши
Литва бизнесининг Риштон сопол буюмларига қизиқиши

Ўзбекистоннинг Рига шаҳридаги элчихонаси томонидан «Ҳунарманд» ассоциацияси раҳбари Баҳром Аллаков ва Литванинг «Millijonas Plus» компанияси раҳбари Алексей Квасницкий иштирокида видеоалоқа шаклидаги бизнес-метчмейкинг ташкил қилинди.
Ббизнес-метчмейкинг - бу қизиқишлар ва билимлар, технологиялар ва кўникмаларнинг умумий йўналишлари асосида маълум бир турдаги товар ва хизматлар учун шерик, харидор ёки етказиб берувчини топиш жараёнидир.
Литва компаниясига «Ҳунарманд» уюшмаси усталари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, жумладан, Риштон сопол буюмлари, қозон, пичоқ ва бошқа маҳсулотлар ҳақида маълумот берилди. Болтиқбўйи мамлакатларига уларни етказиб бериш шартлари ҳақида ҳам сўз юритилди.
Ўзбекистон амалий санъати маҳсулотлари намуналари намойиш этилди.
Ўз навбатида, Алексей Квасницкий маҳсулотларнинг сифатини юқори баҳолади ва ўз компанияси учун етказиб бериш шартларининг мақбуллигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ўзбек амалий санъати маҳсулотлари, хусусан, кулолчилик буюмлари Литвада яхши маълум ва юқори баҳоланади.
Тадбир давомида «Millijonas Plus» компанияси раҳбари Литвага Риштондан сопол буюмлари, пичоқ, қозон ва бошқа турдаги идишларни етказиб беришни ташкил этишга қизиқиш билдирди.
Видеомулоқот натижасида «Millijonas Plus» ва «Ҳунарманд» ассоциацияси элчихона кўмаги билан Литвада кўргазма зали яратишнинг амалий масалалари бўйича иш бошлаши тўғрисида келишувга эришилди.

«Дунё» АА




