Қурилиш соҳасидаги айрим ходимлар маоши 3 карра оширилади
Қурилиш соҳасидаги айрим ходимлар маоши 3 карра оширилади

Шу йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистондаги қурилиш соҳасидаги айрим ходимлар маоши 3 карра оширилади. Бу ҳақда бугун, 14 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган уй-жой қурилиши ва урбанизация соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида айтилди.
Шу билан бирга, энди техник назорат ёки муаллифлик назоратчиси масъул бўлган объектда қўпол қоидабузарлик аниқланса, пудрат корхонаси билан бирга назоратчиларга ҳам қатъий чора кўриш зарурлиги қайд этилган. Лойиҳачининг “Шаффоф қурилиш”даги рейтинги ҳам пасайтирилади.
Эндиликда бюджетдан қуриладиган қиймати 3 миллиард сўмдан юқори бўлган ижтимоий соҳа объектлари, кўп қаватли уй, йирик савдо ва саноат корхонаси, меҳмонхона, туризм объектлари қурилиши ҳам онлайн назорат камералари билан қамраб олинади.
Урбанизация қўмитасига шаҳарсозлик қоидаларини қўпол бузганлик бўйича молиявий санкция жорий қилиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилган.